Тошкент ирригация институтида космик кузатув станциялари жойлаштирилади

Тошкент ирригация институтида космик кузатув станциялари жойлаштирилади

15 декабрь куни Шавкат Мирзиёевга энергия самарадорлигини ошириш ва сув ресурсларини бошқариш соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Эскирган ва энергия сарфи юқори насос агрегатларини замонавий, энергия тежамкорларига алмаштириш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 274 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали 185 минг гектардан ортиқ ер майдонлари суғорилмоқда. Станциялардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилдан буён ишлаб чиқарилган ускуналардан иборат, уларнинг энергия сарфи замонавий насосларга нисбатан 2−3 баробар юқори.

Кегейли туманидаги эски агрегатлардан бири замонавий энергия тежамкорига алмаштирилганда, электр энергиясининг сарфи икки баробарга камайган.

Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насосни босқичма-босқич замонавий энергия тежамкор агрегатларга алмаштириш режалаштирилган. Натижада йиллик 25 миллиард сўмга тенг электр энергияси иқтисод қилиниши ва лойиҳа сарф-харажатлари 14 ой ичида ўзини оқлаши кутилмоқда.

Тошкент ирригация институтининг ютуқлари ва келажакдаги режалари ҳақида маълумот тақдим этилади. Университет THE World University Rankings рейтингида глобал миқёсда 501-ўринни, Марказий Осиё ва Шимолий Кавказ мамлакатлари орасида 2-ўринни ва Ўзбекистонда 1-ўринни эгаллади, QS World University Rankings рейтингида эса 469-ўринга кўтарилди.

Ўтган йили университет кампусида 200 ўринли IT маркази қурилди, рақамли кутубхона ва регистратор офиси ишга туширилди. Ўқув жараёнига дунёнинг топ — 300 талигидаги университетларни битирган фуқаролар ва хорижий профессорлар жалб қилинган.

Келгусида иқлим ўзгаришини таҳлил қилиш учун рақамли технологияларга асосланган миллий платформа яратиш, университет ҳудудида космик кузатув станциялари ташкил этиш, сунъий йўлдош маълумотларини қабул қилиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, университет «Сув дипломатияси» бўйича магистрлик дастурини ишга туширади, ушбу мутахассисликка халқаро мақом беришни режалаштирмоқда. Президент Тошкент ирригация университетини дунёнинг топ — 300 та университети қаторига киритиш чораларини ишлаб чиқишни топширди.

Келгуси йилнинг март ойида Тошкент халқаро сув ҳафталиги ўтказиш режалаштирилган. Форум халқаро институтлар ва минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва «яшил» технологияларни жорий этиш бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Президент, шунингдек, келаси йили бўлиб ўтадиган Оролбўйи ҳудудида сув тежаш технологияларига бағишланган халқаро форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан кўрсатмалар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.