Ҳужжатга мувофиқ, замонавий корпоратив бошқарув стандартлари жорий этилади. Жумладан, кузатув кенгашларида мустақил аъзолар улуши 50 фоизгача етказилади. Шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб этиш амалиёти кенгайтирилади, сунъий интеллект технологиялари фаол жорий этилади ҳамда маҳсулот ва хизматлар таннархини камайтириш чоралари кўрилади.
2026 йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг 30 фоизгача қисми ички ва халқаро фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) орқали сотилиши режалаштирилган. IPO жараёнини қўллаб-қувватлаш учун халқаро юридик маслаҳатчилар жалб этилади.
Қарорга кўра, қатор йирик корхоналардаги давлат акция пакетлари қайта тақсимланади. Улар орасида «Ўзсувтаъминот», «Ўзбекинвест», «Темирйўлинфратузилма», «Навоийазот», «Халқ банки», «Ўзбектелеком» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» бор. Айрим активлар Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилади.
Қўшимча равишда, қимматли қоғозларни жойлаштиришдан олинадиган даромадлар фойда солиғидан озод этилиши белгиланди. Шунингдек, жамғарма улушига эга компанияларга ҳисобланган дивидендларни ўз ихтиёрида қолдиришга имкон берувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланади.
Қарор 2026 йил 27 февралдан кучга кирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.