Қорақалпоғистонда молия ва қишлоқ хўжалигига янги вазирлар, Тахиатош туманига эса янги ҳоким тайинланди

Қорақалпоғистонда молия ва қишлоқ хўжалигига янги вазирлар, Тахиатош туманига эса янги ҳоким тайинланди

4 март куни Қорақалпоғистонда молия ва қишлоқ хўжалигига янги вазирлар ва ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси хабар қилди.

Хусусан, Атамурат Шамуратов Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда ишлаб келган Нуруллан Эрлепесов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Атамурат Шамуратов тайинловга қадар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Аппаратининг Инвестициялар, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сектори бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Камилжан Айтбаев Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда ишлаб келган Шуҳрат Тешаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Камилжан Айтбаев тайинловга қадар Тахиатош тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Исламбек Сдиков Тахиатош тумани ҳокими этиб тайинланди. У фаолияти давомида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича котибият бошлиғи, Хўжайли тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.

Тайинловга қадар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг Саноат қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.