Учрашувда Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган муассасаси ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Сўнгги 8 йилда мамлакатга келган сайёҳлар сони 6 баробар кўпайиб, қарийб 12 млн нафарга етгани алоҳида қайд этилди. 2030 йилга қадар уларнинг сонини 20 миллионга, туризмнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини эса 7 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди.
Суҳбат чоғида томонлар шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, сайёҳлик соҳасида халқаро ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш, туризм соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ниятида эканини қатъий тасдиқлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.