Ҳарбий хизматчилар учун ўқиш ва ишга жойлашишда имтиёзлар жорий этилмоқда

Ҳарбий хизматчилар учун ўқиш ва ишга жойлашишда имтиёзлар жорий этилмоқда

6 апрель куни Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда муддатли ҳарбий хизмат давомида касб-ҳунар ўрганиш ва таълим олиш учун шароит яратиш ҳамда армияда китобхонликни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, муҳокама якуни бўйича давлат раҳбари тегишли қарорларни имзолаган.

Унга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар учун бир қатор имтиёз ва кафолатлар жорий этилиши кўзда тутилган.

Ҳарбий хизматга чақирилувчилар учун имтиёзлар


Муддатли ҳарбий хизматчилар учун хизматни ўташ даврида олий ўқув юртларига кириш ва масофавий таълим олиш имконияти яратилади. Бунинг учун ҳарбий қисмларда таълим муассасалари билан ҳамкорликда абитуриентлар учун тайёрлов курслари ташкил этилади ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш тизими йўлга қўйилади.

Шартнома асосида ўқишга қабул қилинган аскарлар имтиёзли фоизсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади. Олийгоҳларга ўқишга кирган аскарлар ҳарбий факультет талабаларига тенглаштирилади, ўқишни тамомлагач, уларга «захирадаги лейтенант» ҳарбий унвони берилади.

Хизматни намунали ўтаган, шунингдек, республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда фан олимпиадаларида биринчи ўринни эгаллаган аскарларни олий таълим муассасаларига тест синовларисиз қабул қилиш тартиби ўрнатилади.

Ҳарбий хизматчилар учун ўқиш ва ишга жойлашишда имтиёзлар жорий этилмоқда
Мудофаа вазири Шуҳрат Ҳолмуҳамедов.

Хизмат даврида аскарлар учун «Бир аскар — бир касб» тамойили асосида 3−6 ойлик ўқув курслари ташкил этилиб, уларга давлат намунасидаги махсус сертификат берилади.

Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ва хусусий секторда ишлаш ниятида бўлган ёшларнинг касб-ҳунарга ўқиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан ваучер асосида қоплаб берилади.

Давлат ташкилотларига ишга кириш истагини билдирганларга Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида 10 фоиз қўшимча балл берилади.

Китоб ўқишга қизиқишни рағбатлантириш


Ҳарбий хизматчиларни китобхонликка қизиқтириш мақсадида жорий йилдан бошлаб ҳар йили Қуролли Кучларнинг барча тоифадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида тўрт босқичли «Маънавият қалқони» республика китобхонлик танлови ўтказилади.

Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округлар, бирлашма ва қўшилмаларда, учинчи босқичи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда ўтказилади. Финал республика босқичида саралаш босқичи ғолиблари ўзаро куч синашади.

Якуний босқич ғолибларининг 4 нафари Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг бош мукофоти — электромобиль ва дипломлар билан тақдирланади. Совринли ўринларни эгаллаган ҳарбий хизматчилар пул мукофотлари ва дипломлар билан ҳам рағбатлантирилади.

13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент «Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шартидир», деб таъкидлаганди. Муддатли ҳарбий хизматни нафақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, балки ёшларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этиш, уларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашига эришиш зарурлиги айтилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.