Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, бу мамлакатда «ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган»
Бугунги кунда аҳоли 38 миллион нафарни ташкил этаётган бўлса, шундан 9,5 миллиони ёки қарийб 25 фоизи 14−30 ёшдаги йигит-қизлардир. Ҳар йили 270 мингта ёш оила шаклланмоқда. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда, дейилади хабарда.
Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижий тилларни оммалаштириш ва касбий таълимни кенгайтириш, меҳнат бозорини рағбатлантириш ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Маданий, жисмоний ва маърифий ривожланишни кучайтириш, волонтёрлик ҳаракатини кенг ёйиш, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, очиқлик ва иштирок механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Тақдимотда 2030 йилга қадар ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 900 минг ёшни волонтёрликка жалб этиш, ўқув марказлари сонини 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражасига олиб чиқиш ва ёшлар жиноятчилигини камайтириш каби вазифалар назарда тутилган.

Олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини ташкил этишга 300 млн сўмгача ссуда ажратиш, улар учун ижтимоий солиқни ва ўқитувчиларининг даромад солиғини 1 фоиз этиб белгилаш таклиф этилди.
B2 даражага эришган ёшлар учун хорижий паспорт расмийлаштириш учун божни, C1 даража ва тадбиркорлик ташаббуслари учун айрим давлат хизматлари тўловларини 50 фоизгача камайтириш таклиф қилинмоқда.
Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида волонтёрлик жамғармасидан 100 млн сўмгача грантлар ажратиш, фаол ёшларни давлат ташкилотларида пуллик амалиётга жалб қилиш, илғор ижодкорлар учун Президент мукофотини жорий этиш режа қилинган.
Ёшлар инфратузилмасининг минимал стандартлари белгиланади, ҳар бир ҳудуддан «ёшлар туман-шаҳарлари» танлаб олиниб, ушбу стандартларни жорий этиш бўйича намуна яратилади.
Хусусан, руҳий хавф гуруҳига кирувчи ёшлар улушини 40 фоизга камайтириш, туну кун ишлайдиган психологик алоқа марказини ташкил этиш, спорт билан шуғулланувчи ёшлар улушини 25 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.

Йигит-қизларнинг мурожаатлари билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Ҳар пайшанба ёшлар билан мулоқотлар ўтказиб борилади.
Шунингдек, БМТ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби тузилмалар билан Junior Professional Officer дастури доирасида халқаро ташкилотларда амалиётни ташкил этиш кўзда тутилган.
Стратегияни 2026−2027 йилларда амалга ошириш доирасида 7 та йўналиш бўйича 56 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, «Янги авлод тадбиркорлари» дастурида Гарвард, Стэнфорд, MIT, Лондон бизнес мактаби каби нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликда 20 минг ёшни ўқитиш, 1 мингта бизнес лойиҳасини саралаб олиш ва уларга 3 йилгача муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача ссуда бериш режалаштирилган. Ёш тадбиркорларга муҳандислик тармоқларига уланиш харажатларини қисман қоплаш тартиби ҳам жорий этилади.
Республика бўйича «Ўзбекистон ёшларни севади!» лойиҳаси, Hayot fest ёшлар фестивали, Talaba Fest ва Talaba Expo 2026 каби тадбирлар ўтказилади, Робототехника ассоциациясининг фаолияти қўллаб-қувватланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.