Хорижда ишламоқчи бўлган ўзбекистонликларга тил ўрганиш харажатларининг ярми қоплаб берилади

Хорижда ишламоқчи бўлган ўзбекистонликларга тил ўрганиш харажатларининг ярми қоплаб берилади

Шавкат Мирзиёев ташқи меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, фуқароларни хориждаги юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш ва уларни ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлнишича, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари қарийб 40 та давлатда меҳнат қилмоқда, хорижда ишлаётганлар сони 1,2 миллион нафарни ташкил этади. Европа ва Шарқий Осиё давлатларида малакали ишчи кучига талаб ортиб бораётгани, шунингдек, Европа комиссиясининг 2030 йилгача бўлган миграция стратегиясида Марказий Осиё билан ҳамкорликка алоҳида урғу берилгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, хориждан 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисларга буюртмалар келиб тушган. Жумладан, Германияга 40 минг ҳамшира, Японияга 15 минг қурилиш, логистика ва сервис соҳалари мутахассислари талаб этилмоқда.

Бу эҳтиёжни қоплаш мақсадида Германия, Корея ва Япония компаниялари билан ҳамкорликда техникумлар негизида қўшма таълим лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳозирда 12 та «касб плюс тил» тамойили асосидаги лойиҳаларда 8,5 минг фуқаро таълим олмоқда, уларнинг 3 минг нафари ишга жойлашган.

Эндиликда бундай лойиҳалар сонини 20 тага етказиш, ўқитиш қамровини кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида талаб юқори касблар ва чет тилларини ўқитиш, халқаро имтиҳонлар ўтказиш имкониятига эга бўлган 600 ўринли махсус тайёрлаш марказини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Тошкентдаги тиббиёт техникумларида ҳамшираларни халқаро имтиҳонларга тайёрлаш курслари очилади. Қурилиш соҳасида эса ишчи кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини баҳолаш марказлари кенгайтирилади.

Ҳудудларда ягона миграция марказлари ва ҳайдовчиликка ўқитиш хабларини ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, мавсумий иш йўналишларини кенгайтириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Туркия ва Корея билан ҳамкорлик ривожлантирилади.

Тақдимотда янги молиявий механизмлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, фуқароларнинг чет тилини ўрганиш харажатларининг 50 фоизини, касбий имтиҳон харажатларини эса тўлиқ қоплаб бериш, маблағни тўғридан-тўғри фуқаронинг ўзига ажратиш таклиф этилди.

«Хорижда иш» миграция платформасини такомиллаштириш ва унга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизматларни енгиллаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Миграция агентлиги фаолиятини кенгайтириб, унинг ички меҳнат бозорини ҳам малакали кадрлар билан таъминлашда иштирокини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тақдимотда хорижда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини мониторинг қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакатда вақтинча яшаб турган чет эл фуқаролари меҳнатини тартибга солиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, норасмий меҳнатни легаллаштириш ва бу борада идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Президент таклифларни маъқуллаб, ташқи меҳнат миграциясини замон талабларига мос равишда ташкил этиш ва соҳада рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.