Шавкат Мирзиёев Ҳиндистондаги ҳалокатли бўронлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистондаги ҳалокатли бўронлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Уттар-Прадеш штатида кучли ёғингарчилик ва бўрон оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллади.

Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этди, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабарида.

Маълумот учун, 13 май куни кечқурун Ҳиндистоннинг йирик Уттар-Прадеш штатида кучли бўронлар содир бўлди. Табиий офат дарахтларни илдизи билан суғуриб, деворлар ва вақтинчалик томларни учириб юборди, камида 111 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Штатнинг Лакхнау шаҳри фавқулодда вазиятлар бўйича комиссари ўринбосари Шаши Кумар Трипатхининг сўзларига кўра, яна 72 киши жароҳатланган, камида 227 та уйга зарар етган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Вайронагарчиликлар 243 миллион аҳоли истиқомат қиладиган штат ҳудудининг учдан бир қисмини қамраб олган.

Таъкидланишича, ўлим ҳолатларининг аксариятига биноларнинг қулаши ва кучли шамол учириб келган парчалар сабаб бўлган.

Май ойи одатда Ҳиндистоннинг шимолий қисмида энг иссиқ ва қуруқ ойлардан бири ҳисобланса-да, тўсатдан содир бўладиган кучли довуллар камёб ҳодиса эмас.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.