Форумда Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Корея, АҚШ, Франция, Индонезия, Буюк Британия, Япония, Канада, Италия, Венгрия ва Тожикистондан келган нуфузли меҳмонлар қатнашади. Улар орасида олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, этномузикологлар, маданият марказлари вакиллари ҳамда талабалар бор.
Тадбир замонавий мусиқа таълимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, миллий мусиқа меросини жаҳон таълим тизимига интеграция қилиш ва инновацион педагогик ёндашувларни оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Форум доирасида “Маданият таълимида сунъий интеллектнинг аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Унда маданият ва санъат соҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда инновацион таълим методларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилади.
Тадбир давомида 80 дан ортиқ илмий ишлар, инновацион лойиҳалар ва амалий тадқиқотлар тақдим этилиши режалаштирилган.
Форум якунлари бўйича халқаро ҳамкорлик меморандумлари, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга оширишга доир келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур форум Ўзбекистонда мусиқа ва маданият таълимини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.