Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль 50 кун давомида ўтказилмоқда. Дастурдан маданий-маърифий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар, илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва туризмни ривожлантиришга бағишланган учрашувлар ўрин олган.
Фестиваль олдидан Наманган шаҳри ва туманларида кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўчалар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва фестиваль майдонлари 150 миллиондан ортиқ гул кўчатлари билан безатилиб, Наманганнинг “гуллар шаҳри” сифатидаги нуфузи янада мустаҳкамланди.
Фестиваль дастури доирасида 150 дан зиёд тадбир ташкил этилган. Улар орасида фольклор жамоалари чиқишлари, ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий ва замонавий санъат намойишлари ҳамда туризм соҳасига бағишланган тадбирлар мавжуд.
Фестивалнинг энг муҳим воқеаларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида амалга оширилди. Бир ой давомида ягона жамоа томонидан қарийб 30 миллион туп гул кўчати экилиб, халқаро рекорд ўрнатилди.
Натижада Наманган вилояти “Бир ой ичида бир жамоа томонидан энг кўп гул экиш” номинацияси бўйича Гиннесс рекордлар китобига расман киритилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур натижа ҳудудда амалга оширилган кенг қамровли ободонлаштириш ишлари, фестивалга пухта тайёргарлик ва аҳолининг биргаликдаги меҳнати самараси ҳисобланади.
Жорий йилда фестивалга қарийб бир миллион нафар хорижий сайёҳ ва етти миллионга яқин маҳаллий меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Тадбир иштирокчилари Наманганнинг маданий мероси, миллий анъаналари, гастрономияси ва туризм салоҳияти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.