Фармонда Танзила Нарбаеванинг давлат ва жамоат бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, парламент фаолиятини ривожлантириш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишдаги алоҳида хизматлари, бой билим ва тажрибаси, ватанпарварлик фазилатлари билан миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини ошириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти, шунингдек, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки алоҳида эътироф этилгани қайд этилган.
Танзила Нарбаева 2019 йилдан буён парламентнинг юқори палатаси — Сенатга раҳбарлик қилиб келмоқда. У 2020 ва 2024 йилларда ушбу лавозимга қайта сайланган.
Танзила Нарбаева 1981 йилда Тошкент давлат университетини филолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. Социология фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси.
У 1981−1991 йилларда педагог сифатида фаолият юритган. 1991−1995 йилларда Сабир Раҳимов тумани ХДП кенгаши котиби ва партия Марказий кенгашида сектор мудири бўлган. 1995−2010 йилларда Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган.
2010−2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига раҳбарлик қилган. 2016−2019 йилларда эса Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.