Маълум қилинишича, Таиланд туризм ва спорт вазири томонидан берилган ахборотга кўра, 93 та давлат учун жорий этилган 60 кунлик визасиз режим бекор қилиниб, визасиз бўлиш муддати 2024 йилгача амал қилган тартибга қайтарилган.
Шунингдек, аввал 57 та давлат фуқаролари учун амал қилган 30 кунлик визасиз режим рўйхати 54 та давлатга қисқартирилган. Бироқ рўйхатдан чиқарилган уч давлат номи ҳозирча расман очиқланмаган.
Яна бир ўзгариш сифатида учта давлат фуқаролари учун туристик мақсадларда 15 кунлик визасиз режим жорий этилгани билдирилган.
Таиландга келганда расмийлаштириладиган виза (Visa on Arrival) тизими ҳам қайта кўриб чиқилган. Натижада мазкур имкониятдан фойдаланиши мумкин бўлган давлатлар сони 31 тадан 4 тагача қисқартирилган.
Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги Ўзбекистон фуқаролари энди Таиландга визасиз кира олмаслиги мумкинлигини маълум қилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун Таиландга сафар қилишда виза расмийлаштириш талаби жорий этилиши эҳтимоли юқори. Бироқ бу борада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳозирча расмий изоҳ берилмаган.
Таиланд ҳукуматининг мазкур қарори келаси ҳафтада расман эълон қилиниши кутилмоқда. Шундан сўнг визавий тартиб бўйича якуний ва аниқ маълумотлар маълум бўлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.