Бухарест шаҳрида ўтган турнир Синдаров учун Номзодлар турниридаги ғалабадан кейинги илк классик мусобақа бўлди. Унда дунёнинг етакчи шахматчилари — Фабиано Каруана, Аниш Гири, Алиреза Фирузжа ва Винсент Кеймер иштирок этди.
Турнирнинг иккинчи турида Синдаров ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандҳага мағлуб бўлди. Бу унинг ўтган йил сентябридан бери классик шахматдаги илк мағлубияти бўлиб, 53 партиядан иборат мағлубиятсиз сериясига якун ясади.
Шундан кейин ўзбекистонлик шахматчи вазиятни ўзгартира олди. Турнирнинг ҳал қилувчи палласида у Винсент Кеймер устидан ғалаба қозониб, ҳужумкор услубдаги партияси билан машҳур жаҳон чемпиони Гарри Каспаровнинг юқори баҳосига сазовор бўлди.
Кейинчалик Синдаров нидерландиялик шахматчи Йорден ван Форестни ҳам мағлуб этди. Мураккаб эндшпилда у матли ҳужумни амалга ошириб, Каспаровнинг 1994 йилда Юдит Полгарга қарши ўйнаган машҳур партиясидан илҳомланганини таъкидлади.
Якуний турда америкалик гроссмейстер Уэсли Со билан дуранг қайд этган Синдаров 9 партиядан 5 очко тўплади. У учинчи-тўртинчи ўринларни бўлишган бўлса-да, қўшимча кўрсаткичлар бўйича бронза медали соҳибига айланди.
Турнир ғолиби Винсент Кеймер 6 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Фабиано Каруана эса 5,5 очко билан иккинчи бўлди.
Жавоҳир Синдаров учинчи ўрин ва икки ғалаба учун 63 минг доллар мукофот ҳамда Grand Chess Tour рейтинги учун 7,5 очко қўлга киритди. Икки босқич якунларига кўра, у умумий рейтингда тўртинчи ўринда бормоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.