Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда UNESCO ҳамкорлигида медиа ва ахборот саводхонлиги соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган тренинг ташкил этилди. Тадбирда халқаро эксперт Maarit Jaakkola иштирок этди.
Мутахассислар томонидан фейк хабарларни аниқлаш, ахборот манбаларини баҳолаш ва ишончли маълумотлардан фойдаланиш кўникмалари замонавий жамият барқарорлиги учун муҳим омиллардан бири экани таъкидланди.
Тадбирда давлат идоралари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва медиа соҳаси вакиллари иштирок этиб, медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти хусусида фикр алмашдилар. Қайд этилганидек, мазкур йўналишни ривожлантириш фақат таълим тизимининг эмас, балки жамиятнинг барча институтларининг умумий вазифаси ҳисобланади.
Халқаро эксперт Маарит Яаккола ўз маърузаларида медиа саводхонлик соҳасидаги илғор халқаро тажрибалар, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш методологияси ҳамда замонавий ахборот истеъмолчилари учун зарур компетенциялар ҳақида маълумот берди.
Тренинг якунларига кўра, иштирокчилар Ўзбекистонда медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича миллий стратегияни такомиллаштириш, амалий таълим механизмларини кенгайтириш ва соҳага оид ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида шакллантириш юзасидан қатор таклифлар билдирдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.