Илмий кадрлар тайёрлаш тизимида ислоҳотлар: докторантлар учун янги имкониятлар яратилади

Илмий кадрлар тайёрлаш тизимида ислоҳотлар: докторантлар учун янги имкониятлар яратилади

Президент Шавкат Мирзиёев илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт, сув ресурслари, янги материаллар ва сейсмология каби йўналишларда илмий салоҳиятни кучайтириш бўйича янги механизмларни жорий этиш таклиф қилинди.

Лойиҳага кўра, устувор соҳалар бўйича таҳсил олаётган докторантларнинг стипендиялари 1,7 баробарга оширилиши, илмий тадқиқотлар учун қўшимча маблағлар ажратилиши ҳамда илмий даража бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, илм-фан соҳасидаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларнинг ярмини қисқартириш, “Амалий докторантура” ва “Лойиҳа доирасида илмий даража” каби янги дастурларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тақдимотда Олий аттестация комиссияси фаолиятини Фанлар академияси тизимига ўтказиш, илмий кенгашлар масъулиятини кучайтириш ва уларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Янги ёндашувларга мувофиқ, илмий тадқиқотлар иқтисодиётнинг реал эҳтиёжлари ва ишлаб чиқариш соҳалари билан янада узвий боғланади. Докторлик ишларини корхоналар билан ҳамкорликда амалга ошириш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Илмий фаолиятда академик ҳалолликни таъминлаш, тадқиқотлар сифати ва ички назорат механизмларини кучайтириш мақсадида олимларнинг фаолиятини кузатиб борувчи ягона рақамли тизимни жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Давлат раҳбари илм-фан соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва халқаро стандартларга жавоб берадиган илмий муҳитни шакллантириш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.