«Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганини ҳозирги мураккаб халқаро шароитда кескинликни юмшатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги муҳим дипломатик ютуқ сифатида олқишлайди», — дейилади унда.
Мамлакат ТИВ икки давлат раҳбариятининг сиёсий иродаси ва узоқни кўра билишини алоҳида эътироф этиб, ушбу келишув тинчлик йўлидаги барқарор ечим учун мустаҳкам замин яратишини қайд этди.
Шунингдек, баёнотда ушбу муҳим ўзаро англашувга эришиш учун зарур шароитларни шакллантиришга ҳисса қўшган Покистон ва Қатарнинг катта ҳиссасини, шунингдек Туркия, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа минтақавий ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланган.
Ўзбекистон музокараларнинг кейинги босқичлари конструктив руҳда давом этиши ва эришилган келишувлар самарали амалга оширилишига умид билдирди.
«Низо ва қарама-қаршиликларни халқаро ҳуқуқ тамойиллари, ўзаро ҳурмат ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти бўлиб қолишига ишонамиз», — дейилади баёнотда.
Маълумот учун, АҚШ президенти Дональд Трамп Эвиан-ле-Бендаги «Катта еттилик» (G7) саммити доирасида, Франция президенти Эммануэль Макрон иштирокида Версаль саройида ҳужжат нусхасини имзолаганди. Эрон томонидан меморандумни президент Масуд Пезешкиён имзолади. Якуний битим 60 кун ичида келишиб олиниши керак.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.