Улар орасида Тошкент шаҳрида Volkswagen автомобилларини йирик узелли йиғишни ташкил этиш, Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш каби лойиҳалар бор.

Улар иштирокида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистонда шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳаларни бажариш учун грант маблағлари ажратиш ва имтиёзли молиялаштиришни назарда тутувчи молиявий ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар имзоланди.
Президентлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган ва янгиларини бошлашни режалаштираётган Германиянинг етакчи компаниялари вакилларини қутлади.


Томонлар минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама майдонларда, шу жумладан, «Марказий Осиё — Германия» формати доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон президенти Германия раҳбарининг ўз мамлакати ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини изчил ривожлантиришга ҳамда ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни илгари суришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард доллардан ортиб, жорий йилнинг ўтган даврида яна 5 фоизга кўпайди. Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 2025 йилда 2 миллиард долларга етди.
Май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Германия иқтисодиёти кунлари ҳамда Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши 10-йиғилишининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбирлар якунида 1 миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари тўплами имзоланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан зиёд ёшлар немис тилини ўрганмоқда, 2 мингдан ортиқ талабалар Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда. Ўтган йили илк бор икки мамлакат университетларининг форуми бўлиб ўтди.
Ўтган ҳафта немис университетлари консорциуми билан Самарқандда Ўзбекистон — Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.