Суҳбатдан англашилишича, туман ҳокими мажлис иштирокчиларидан давлат томонидан белгиланган ғалла топшириш режасининг бажарилишини талаб қилган ва бу жараёнда таҳдидли ҳамда ҳақоратли сўзларни ишлатган.
«Нега ёпмайсан? 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман машинада олиб бориб… „Барака класс“, чиқ бу ерга… Нега ёпмаяпсан? Соат нечада ёпасан? Қанчада ёпасан…Эй, қўзичоқ, тушундингми? Ёп! Тушундингми? Суғуриб оламан. Бир соат сенга муҳлат, бир соатда ёпасан… Обедгача… Ҳозир вилоят прокурори ўринбосаридан сен учун обедгача муҳлат оламан… Одаммисан, эй, фермермисан? Менга бир „кулча“ берганмисан?», — дейди ҳоким.
Аудио давомида фермерлардан бири топшириқни куннинг биринчи ярмигача бажаришини айтган бўлса-да, раҳбар томонидан босим давом эттирилган.
Kun.uz ёзишича, мазкур йиғилиш 15 июнь куни Музработ тумани ҳокимининг хизмат хонасида бўлиб ўтган. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам иштирок этган ҳамда ҳокимнинг фермерларга нисбатан ишлатган ҳақорат ва таҳдидларига гувоҳ бўлган.
Ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнот бериб, тегишли ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур ҳолатни «жиддий эътибор талаб этувчи масала» сифатида баҳолаган.
«Вилоят раҳбари давлат органлари вакиллари ҳамда фермерлар ўртасидаги муносабатлар қонун устуворлиги, ўзаро иззат, инсон қадр-қиммати ва хизмат одоби тамойиллари асосида ташкил этилиши лозимлигини таъкидлайди», — дейилади хабарда.
Ҳодисанинг барча тафсилотларини ҳар томонлама, холис ва тўлиқ ўрганиш, шунингдек, унга ҳуқуқий баҳо бериш учун ваколатли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Муносабатда қайд этилишича, масала вилоят ҳокимининг шахсий назоратига олинган. Ўрганиш якунлари ва ваколатли органларнинг хулосалари асосида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ҳокимлик жамоатчиликдан расмий ўрганиш якунларини кутишни ҳамда тасдиқланмаган маълумотлар асосида хулоса чиқармасликни сўради.
Маълумот учун, Абдулла Маматқулов Музработ тумани ҳокими этиб 2025 йилнинг майида тайинланган. У бунга қадар «Сурхондарё сув таъминоти» корхонаси директори бўлган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.