Германия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Германия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва унинг рафиқаси Эльке Бюденбендер Осиё мамлакатларига сафари доирасида 17−18 июнь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар берди мамлакат президент администрацияси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатларни тасдиқлаши кутилмоқда.

Музокаралардан сўнг, Германия ишбилармонлар делегацияси президентлар иштирокида Германия компанияларининг Ўзбекистондаги бир қанча лойиҳалари бўйича келишувларни имзолайди.

Икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Франк-Вальтер Штайнмайер ва Шавкат Мирзиёев резиденция боғида дарахт ҳам экади.

Эртаси куни Германия президенти Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюради. Шунингдек, Papenburg компаниясига ташриф буюриш ва малакали мутахассисларнинг уюшқоқлик билан ташкил этилган меҳнат миграциясига бағишланган тадбирда иштирок этиш режалаштирилган. Германия президенти талабалар, немис компаниялари вакиллари ва устоз-мураббийлар билан учрашади.

Германия Президенти администрациясидан қайд этилишича, мазкур ташриф сиёсий муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги алмашинувларни ривожлантиришга қаратилган. Германия давлати раҳбарига бизнес вакилларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда.

Ўзбекистон Франк-Вальтер Штайнмайернинг хорижий турнесидаги якуний манзил бўлади. Тошкентга ташрифидан олдин у Индонезия ва Филиппинда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, айни шу кунларда Тошкентда бешинчи бор Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. У ўтказилган йиллар давомидаги энг йиригига айланади. 2026 йилги мавзу — «Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик». Унда 100 та давлатдан 3400 дан ортиқ хорижий делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Германия президентлари охирги марта 2023 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга ташрифи ҳамда «Марказий Осиё — Германия» саммити доирасида учрашишган эди. Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонга бундан олдин 2019 йилда келган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.