Expedia Group онлайн саёҳатлар соҳасидаги дунёнинг энг йирик компанияларидан бири ҳамда халқаро туризм талаби бўйича ишончли маълумот манбаларидан ҳисобланади. Компания таркибига Expedia, Hotels.com, Vrbo, Travelocity, Orbitz, CheapTickets, Hotwire ва бошқа брендлар киради. Платформа хизматларидан ҳар йили дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ сайёҳ фойдаланади.
2025 йил якунларига кўра, компания платформалари орқали амалга оширилган умумий бронлар ҳажми 100 миллиард АҚШ долларидан ошган. Бир йилда 400 миллиондан зиёд тунов брон қилинган. Компания дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидаги 3 миллиондан зиёд жойлаштириш объектлари, авиакомпаниялар, туроператорлар ва бошқа туризм хизматлари кўрсатувчилари билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатга саёҳатларга бўлган талабнинг ўсиши брон қилиш кўрсаткичларида ҳам акс этган. Жорий йил июнь ойида Expedia Group платформаси орқали Ўзбекистонга саёҳатни брон қилган сайёҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 45,6 фоизга ошган. Харид қилинган авиачипталар сони 23 фоизга, брон қилинган туновлар сони эса 27 фоизга кўпайган. Умумий бронлар ҳажми 46,1 фоизга ўсиб, 2 миллион АҚШ долларидан ошган.
Expedia Group платформалари фойдаланувчилари орасида Ўзбекистон учун асосий хорижий бозорлар АҚШ, Япония, Буюк Британия, Корея Республикаси, Германия ва Франция бўлиб қолмоқда. Энг юқори ўсиш суръатлари АҚШ ва Японияда қайд этилган. Европа давлатлари орасида эса Буюк Британия, Германия ва Франция етакчилик қилмоқда.
Мамлакат ичида энг оммабоп йўналишлар сифатида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро етакчиликни сақлаб қолмоқда. Шу билан бирга, Хивага бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Сўнгги бир йил ичида шаҳарнинг умумий бронлар ҳажмидаги улуши сезиларли даражада ошгани унинг халқаро сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бораётганини кўрсатади.
Дастлабки бронлар бўйича маълумотлар яқин ойларда ҳам юқори талаб сақланиб қолишини кўрсатмоқда. Expedia Group маълумотига кўра, тасдиқланган барча бронларнинг 82,9 фоизи 2026 йил июль–сентябрь ойларига режалаштирилган саёҳатларга тўғри келади. Бу давр Ўзбекистондаги юқори туристик мавсум арафаси ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонга қизиқишнинг ортиши халқаро авиақатновлар географиясининг кенгайиши, сўнгги йилларда виза тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ҳамда мамлакатнинг хорижий туризм бозорларида фаол тарғиб қилинаётгани билан изоҳланмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.