Фарғонада Қурилиш материаллари саноати форсайт офиси ташкил этилди

Фарғонада Қурилиш материаллари саноати форсайт офиси ташкил этилди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Фарғона давлат техника университети ҳамкорлигида университет ҳузурида «Қурилиш материаллари саноати форсайт офиси» фаолияти йўлга қўйилди.

Лойиҳани амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида стратегик инновациялар ва сунъий интеллект соҳасидаги халқаро эксперт Самер Шидиак Фарғона вилоятига таклиф этилди.

Ташриф давомида Самер Шидиакни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди. Учрашувда ҳудуд иқтисодиётини инновацион ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатида форсайт ёндашувларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, янги ташкил этилган форсайт офиси қурилиш материаллари бозоридаги талаб, технологик, иқтисодий ва инвестициявий тенденцияларни мунтазам таҳлил қилиш, соҳанинг узоқ муддатли ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш ҳамда давлат органлари ва корхоналар учун илмий асосланган таклифлар тайёрлашга ихтисослашади. Лойиҳа мазкур йўналишдаги илк ташаббуслардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ташриф доирасида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари учун «Келажакка тайёр иқтисодиёт сари: янги имкониятлар ва стратегик ёндашувлар» мавзусида ўқув семинари ҳам ташкил этилди. Семинарда корхоналарнинг глобал ўзгаришларга тайёргарлик даражаси, инновацион бошқарув усуллари ва стратегик режалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро эксперт Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Вазиятлар маркази ва сунъий интеллект асосида амалга оширилаётган рақамли лойиҳалар билан танишди. Ferghana Digital Hub резидентлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ташриф якунида Crown Ceramic корхонасида қурилиш материаллари саноатининг истиқболларига бағишланган учрашув ташкил этилди. Шу билан бирга, соҳани ривожлантириш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳ аъзолари учун форсайт усулларини амалиётга татбиқ этишга бағишланган мастер-класс ўтказилди.

Маълумот учун, Самер Шидиак стратегик инновациялар ва сунъий интеллект соҳасида катта тажрибага эга халқаро эксперт ҳисобланади. У турли йилларда Microsoft компаниясида минтақавий директор ва бош инновациялар раҳбари, шунингдек Дубай ҳукумати ҳузуридаги инновациялар ва келажакни шакллантириш марказида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.