Қайд этилишича, авваллари тармоқларда умумий харажатларни фоиз ҳисобида қисқартириш асосий мезон сифатида баҳоланган. Энди эса маҳсулотнинг бир бирлик таннархи бўйича ўтказилган таҳлиллар ишлаб чиқариш самарадорлигидаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берган.
Таҳлиллар натижасига кўра, Навоий кон-металлургия комбинатида бир унция олтин ишлаб чиқариш таннархи 8,2 фоизга ошган. Корхонанинг умумий харажатлари ўтган йилга нисбатан 6,2 триллион сўмга ёки 22 фоизга кўпайган.
Шунингдек, Ўзбекистон металлургия комбинатида пўлат шарлар ишлаб чиқариш таннархи 5,4 фоизга ошган. «Ўзкимёсаноат» тизимида эса карбамид ишлаб чиқариш таннархи 11,1 фоизга, аммиакли селитра ишлаб чиқариш таннархи эса 8,3 фоизга ўсган.
Йиғилишда халқаро инвестиция компанияси «Franklin Templeton» томонидан IPOга чиқиши режалаштирилган 13 та йирик компания фаолияти таҳлил қилингани ҳам маълум қилинди.
Президент «Uzbekistan Airways» фаолиятини мисол қилиб келтириб, авиакомпания ҳар йили қарийб 120 миллион доллар миқдорида даромадни бой бераётганини таъкидлади.
Бу ҳолат маршрутларни самарасиз режалаштириш, рейслар ўртасидаги ортиқча танаффуслар, парвозларнинг тез-тез кечикиши, шунингдек, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш соҳаларида рақобат муҳитининг етарли даражада шаклланмагани билан изоҳланди.
Йиғилишда стратегик корхоналарда харажатларни қисқартириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар белгилаб берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.