Элдор Арипов: Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари мустақил тараққиёт тарихидаги энг қулай босқичга чиқди

Элдор Арипов: Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари мустақил тараққиёт тарихидаги энг қулай босқичга чиқди

Бишкек. Қирғизистон пойтахтида «Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шериклик ва уни янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида Ўзбекистон–Қирғизистон Экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакатнинг етакчи таҳлил марказлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда сўзга чиққан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари бугунги кунда мустақил тараққиёт тарихидаги энг қулай даврни бошдан кечираётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлардаги барча принципиал ва мураккаб масалалар муваффақиятли ҳал этилган.

«Амалда, бир неча ўн йилликлар ичида илк бор Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз саъй-ҳаракатларини ўтмишдан мерос бўлиб қолган муаммоларни бартараф этишга эмас, балки келажакни биргаликда шакллантиришга йўналтириш имкониятига эга бўлди», — деди Элдор Арипов.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилишича, ўн йил аввал икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 100 миллион доллардан сал кўпроқни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич қарийб 1,2 миллиард долларга етган. Фақат ўтган йилнинг ўзида савдо айланмаси қарийб 40 фоизга ошган.

Элдор Ариповнинг таъкидлашича, бугунги кунда томонлар савдо ҳажмини ошириш билан чекланиб қолмасдан, чуқур саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этишга ўтмоқда.

Инфратузилма лойиҳалари ҳақида тўхталган институт директори «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли ҳамда «Қамбарота ГЭС — 1» қурилиши стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур йирик лойиҳалар икки томонлама ҳамкорлик доирасидан анча кенг аҳамият касб этиб, Евросиёнинг янги иқтисодий географиясини шакллантиришга хизмат қилади.

Трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масаласига тўхталган Элдор Арипов сўнгги йиллар тажрибаси юқори ва қуйи оқимда жойлашган давлатлар манфаатларини қарама-қарши қўйишга асосланган ёндашув ўз аҳамиятини йўқотаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва умумий табиий ресурслардан фойдаланишда жамоавий масъулият тамойили устувор аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқалар ҳам сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган Қирғизистон фуқаролари сони етти баробардан зиёд ошиб, ўтган йили 3,3 миллион нафарга етган. Бу Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Йиғилиш якунларини сарҳисоб қилар экан, Элдор Арипов Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

«Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар шундай тараққиёт босқичига етдики, энди ҳамкорлигимизнинг муваффақияти муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига эмас, балки очилаётган имкониятлардан биргаликда самарали фойдаланиш маҳоратига боғлиқ», — деди у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.