У ўзининг Telegram-каналида Ялпиз ва Дархон лақабли икки мушук иштирокидаги видеони эълон қилиб, ҳазил тариқасида уларни администрациянинг «ходимлари» деб атади ҳамда: «Уларга меҳримиз бўлакча», деб ёзди.
Саида Мирзиёева 28 июндан ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан янада кескин жазо чоралари кўришга оид қонунчилик нормалари кучга кирганини олқишлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки азоб бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача (аввал — 3 бараваридан 5 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳаракатлар жаримадан кейин бир йил давомида ёки вояга етмаган шахснинг иштирокида такроран содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга (аввал — 5 бараваридан 10 бараваригача) ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ҳайвонни паст ниятда ўлдирганлик ёки майиб қилганлик учун жаримадан сўнг суд БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаши мумкин.
«Бундай қонунлар айбдорларни жазолаш учунгина қабул қилинмайди. Улар жамият қандай тартиб ва қадриятларни ҳамма учун бирдек мажбурий деб ҳисоблашини ҳам намоён этади», — дея қайд этди Саида Мирзиёева.
«Аллоҳ яратган ҳар бир мавжудотнинг қадри бор, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жазонинг кучайтирилиши жамиятда шу қонуниятга бўйсунадиган соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Биз айнан шундай дунёда яшашни ва фарзандларимизни худди шу руҳда вояга етказишни истаймиз. Ўзгалар ҳаётига ҳурмат болаликдан бошланади. Бу борада асосий масъулият ота-оналарнинг зиммасида. Айнан улар ожизларга озор етказиш мумкин эмаслигини, одам ўз кучини шафқатсизлик орқали намоён этиши нотўғри эканини фарзандларига ўргатадилар», — деб таъкидлади у «ота-оналарни ушбу муҳим ҳақиқатни доимо эсда тутишга» чақириб.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзаков ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз ва масъулиятсиз муносабатда бўлиш ҳолатларидан жиддий хавотир билдирганди. Шаҳарда итлар учун бошпана қуриш ҳамда ҳайвонларни тутиш, сақлаш ва уларга эга топиш бўйича яхлит инсонпарвар тизим яратилиши эълон қилинди.
Gazeta Ўзбекистон шаҳар ва туманлари ҳокимликлари ҳузуридаги ушлаш хизматлари томонидан ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани ҳақида бир неча бор ёзган.
Шу йил баҳорида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхонада мушукларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши ортидан ўзбекистонликлар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жазони кучайтириш талаби билан онлайн петиция бошлаган эди. Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида уни 15,5 мингдан ортиқ киши имзолаган.
Июль ойи охирида эса Чирчиқда церебрал фалажликка чалинган қиз ва пенсионер аёл кўчадаги мушукларни боққани учун жаримага тортилгани жамоатчиликни ларзага солди. Улар жарималар устидан судга шикоят қилмоқчи бўлган, бироқ кекса аёл вафот этган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.