Таҳлилларга кўра, 2025 йилда Ozempic, Wegovy, Mounjaro ва Zepbound каби препаратларнинг жаҳон бозори ҳажми тахминан 70 миллиард долларни ташкил этган. Мутахассислар 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 200 миллиард доллардан ошиб кетишини прогноз қилмоқда.
Талабнинг ортиши билан бирга «кулранг бозор» ҳам жадал ривожланмоқда. Интернет орқали чет элда ишлаб чиқарилган семаглутид ва тирзепатид моддалари сотилмоқда, айрим тиббиёт марказлари эса таркиби мустақил тайёрланган препаратларни таклиф қилмоқда. Шунингдек, кўплаб истеъмолчилар арзонроқ дори харид қилиш учун бошқа мамлакатларга сафар қилмоқда.
Сўнгги йилларда Канадада сохта Mounjaro, АҚШда эса қалбаки Ozempic препаратлари аниқланган. АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси (FDA) бундай маҳсулотлар ҳақида бир неча марта огоҳлантириш берган. Мутахассислар сохта GLP 1 препаратларини глобал соғлиқни сақлаш учун жиддий хавф сифатида баҳоламоқда.
Тадқиқотлар айрим қалбаки препаратларда бактериялар, ортиқча аралашмалар ва ҳатто бошқа фаол моддалар мавжудлигини кўрсатган. Айрим ҳолатларда улар таркибидан тез таъсир қилувчи инсулин аниқланган бўлиб, бу диабетга чалинмаган инсонлар учун ҳаёт учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.
2025 йил май ойида Буюк Британияда 53 ёшли аёл гўзаллик салонида Mounjaro деб ўйлаб арзон инъекция олганидан сўнг вафот этгани мазкур муаммонинг жиддийлигини яна бир бор намоён қилди.
Йирик фармацевтика компаниялари ҳам ноқонуний маҳсулотларга қарши курашни кучайтирмоқда. Eli Lilly ва Novo Nordisk сохта ёки лицензиясиз препаратлар тарқатган тиббиёт марказлари, телемедицина хизматлари ва дорихоналарга қарши қатор суд даъволарини киритган.
Мутахассислар таъкидлашича, хавф фақат қалбаки маҳсулотларда эмас, балки айрим мамлакатларда қонуний ишлаб чиқарилган аналогларда ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Улар таркиби, консервантлари, стериллик даражаси ёки сақлаш шартлари халқаро стандартлардан фарқ қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Шифокорлар фуқароларни бундай препаратларни мустақил равишда ёки норасмий манбалар орқали харид қилмасликка чақирмоқда. Уларнинг фикрича, дори воситаларини фақат малакали мутахассис тавсияси ва расмий тиббий назорат асосида қабул қилиш саломатлик учун энг хавфсиз йўл ҳисобланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.