Gazeta ёзганидек, ҳокимлар, маҳалла раислари ва бошқа масъуллар ИИБ ходимлари ҳамроҳлигида фуқароларнинг уйларига кириб, ҳовлилар, яшаш хоналари ва ошхоналарни кўздан кечирмоқда (баъзилари ҳатто совиткич ва қозонлар ичигача қараб чиқмоқда). Улар ҳовли ва уй олдини тозалашни, тандирхона деворларини оқлашни талаб қилиб, жарималар билан қўрқитмоқда. Бу ҳаракатлар 1 сентябрь куни нишонланадиган Ўзбекистон Мустақиллик кунига тайёргарлик кўриш билан изоҳланмоқда.
Gazeta ҳокимиятнинг расмий ролигида кўрсатилган туман ҳокими нутқини баён қилади.
Йиғилишимизнинг асосий сабаби — таянч маҳалла қилиб «Бирлик» маҳалласи олинди. Мана ҳозир вилоят ҳокимининг гапларидан хулоса қилган бўлсанглар, йўлнинг бўйидан кўзга кўринадиган битта маҳаллани танланглар, мен ҳокимлик гуруҳига ҳам топшириқ бердим деб айтдилар. Худди ўша топшириққа асосан биз «Бирлик» маҳалласини танладик.
Бу «Бирлик»ни «еттилик» (маҳалла еттилиги — таҳр.) ҳали тушуниб етмаяпти. Мен ҳозир кирган эдим, бу [маҳалла] еттилигига баҳо, олдига битта райҳон ҳам, битта гул ҳам, битта кўчат ҳам экмаган. Мана, кириб келяпмиз, ўзинглар ҳамманглар кўзинглар билан кўряпсизлар, ўтлар бел баробар бўлиб кетган. Ўрилмаган, ўрилган ўтлар ҳам хашак бўлиб бўлиб ётибди, олиб чиқиб кетилмаган.

Шармандали маҳалла деб айтса бўладими, бўлмайдими? Шиор бор «Шармандали маҳалла» деган. Дилмурод, бугун келасан, қани? Менга бер (қўлига «Шармандали маҳалла» деб ёзилган қоғозни олади — таҳр). Ҳозир иласан, бор. «Шармандали маҳалла» қилиб кўринадиган жойга, халқ кўрадиган жойга ил. Шармандали маҳалла бу — «Бирлик» маҳалласи.
Съёмкага ҳам олинг бу нарсани. Бугундан бошлаб «Бирлик» маҳалласи — шармандали маҳалла, илинглар.

Иккинчи шиор бор — «Уятли хонадон». Буни мен бекорга айтмаяпман. Мана, бириктирилган 40 та вакил, корхона-ташкилот раҳбари бекорчиликдан бормаяпсизлар у ерга. Ё ўйнагани бормаяпсизлар.
Вилоят ҳокимимиз тўғри айтдилар: эрталаб соат 6:00 да турса, бўлди, маҳалла обод бўлиб қолади ёки обод кўча бўлиб қолади дегани эмас бу.
Келишдикми корхона, ташкилот раҳбарлари? Буни чиқариб берасан, биринчи бўлиб корхона-ташкилотларга, идорасига борасизлар, атрофни кўрасизлар.
Ҳурматли раҳбаримизнинг топшириқларидан келиб чиқиб топшириғимиз — иккинчи бўлиб маҳалла раисининг уйига борасизлар. Мен сўрайман бирма-бир. Дилмурод, ҳаммасини йўқлама қиласан, уйига бориб ташлайди, менга папка қилиб берасан.
Мана, 40 та маҳаллага айтасан, 40 та бириктирилган корхона раиси, мен келдим, мана маҳалла раисининг уйи [деб], дарвозасини ташлайди, дарвозаси бўялганми, бўялмаганми, маҳалла раиси уй-жойини оқлаганми, оқламаганми — юборади.
Ўзи кўчасида гул борми, йўқми? Гул эмас, райҳон. Атиргул борми? Ҳовлиси, томорқаси қанақа? Шу тўртта нарсани сенга тўртта расм қилиб ташлайди ҳаммаси. Маҳалла раисининг уйига кириб. Тушундингми? Бир кун муддат берамиз, йиғиб оласан, менга ташлайсан. Мен эрталаб гаплашаман. Эртага кечгача қилмаса, ўша хонадонни уятли хонадон қилиб, мен ўзим «на принцип» бориб остираман.

Ёки шармандали хонадон, шармандали маҳалла. Шармандали маҳаллага ҳам боради, маҳалласини кўради, атрофини кўради. Майли, бир кун ёки ярим кун муддат бўлади. Муддат ҳам «уже» керак эмас. Шармандали маҳалла қилиб осади, ёнида расмга тушиб ташлайди.
Келишдикми, корхона-ташкилот раҳбарлари? Ўйнагани бормаяпсизлар у ерга. Эрталаб «маҳалла еттилиги» аъзолари вақтли туради, соат 6 дан бошлаб маҳалла ҳудудида ўзларига бириктирилган кўчаларда хонадонбай ишларни ташкил қилади.
Маҳаллаларда ҳашар ташкил этиб, кўчаларни ободонлаштириш, деворларни оқлаш, дарахт, гул ва райҳонларни эктириш, шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва хиёбонларни чиқиндилардан тозалатиш чоралари кўрилади.
Учинчидан, томорқага тўлиқ юқори даромадли, такрорий экинлар экилишини таъминлайди. Бунда маҳалла раиси томорқаларга қанча мевали кўчат экилганини ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла банкирига тақдим этади…
Маълумот учун, Шерзод Салиҳов (1982 йилда туғилган) 2024 йил февраль ойида Чиноз тумани ҳокими лавозимига тасдиқланган. У Тошкент давлат педагогика институти ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Tурли йилларда фермер хўжалиги, агрофирма раҳбари, шунингдек, Тошкент тумани ҳокимининг ўринбосари — аввал қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича, кейинчалик молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича — лавозимларида ишлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.