Тошкентда Маврикий ва Ўзбекистон вакиллари ўртасида очиқ туристик мулоқот ўтказилди
2026 йил 26 декабрдан илк бор Тошкент-Маврикий йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиарейс йўлга қўйилади. Шу муносабат билан Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашув «Prestige Travel» компанияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси кўмагида ташкил этилди. Унда Маврикийнинг етакчи туроператорлари ва меҳмонхона брендлари ҳамда Ўзбекистон компаниялари вакиллари иштирок этди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.
Дастлабки босқичда 26 декабрь ва 2027 йил январь ойида жами тўртта рейсни амалга ошириш режалаштирилган. Келаси йил июнь ойидан авиақатновлар мунтазам тус олади. Рейслар ҳафтасига бир марта амалга оширилади.
Янги йўналиш Ўзбекистон учун Африка туризм бозорига чиқиш имконини беради. Шунингдек, Тошкентнинг Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидан келувчи йўловчилар учун транзит марказ сифатидаги аҳамиятини оширади.
Келгусида Қозоғистон, Россия ва минтақанинг бошқа давлатлари аҳолиси Ўзбекистон пойтахти орқали Маврикийга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади.