Silk Road Uzbekistan халқаро оммавий югуриш мусобақалари туркуми Хивада давом этади

Silk Road Uzbekistan халқаро оммавий югуриш мусобақалари туркуми Хивада давом этади


2026 йил 13 сентябрь куни Arda Khiva сайёҳлик мажмуаси ҳудудида Silk Road Uzbekistan халқаро оммавий югуриш мусобақалари туркумининг кузги босқичига старт берилади. Мазкур спорт тадбири Ўзбекистон ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган профессионал атлетлар, талабалар ҳамда югуриш ишқибозларини бир жойга жамлайди.

Arda Khiva — анъанавий тарихий муҳитни дам олиш, саёҳат ва оммавий тадбирлар учун замонавий инфратузилма билан уйғунлаштирган янги сайёҳлик ва маданий мажмуа. Мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хиванинг тарихий маркази — Ичан қалъадан тўрт километр масофада жойлашган.

Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб ўтказилаётган оммавий югуриш мусобақалари туркумининг ташкилотчилари — Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги. Лойиҳа «Ўзбектелеком» АЖ ва Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

«Silk Road оммавий югуриш мусобақалари — бу нафақат спорт мусобақаси, балки югуриш, саёҳат қилиш ва мамлакатнинг маданий мероси, аввало, Буюк ипак йўли тарихи билан танишиш имкониятини ўзида мужассам этган тадбирдир. Ишончим комилки, Arda Khiva мажмуасидаги оммавий югуриш мусобақаси ёрқин таассуротлар ҳадя этади ҳамда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда югуриш маданиятини ривожлантиришнинг янги босқичи бўлиб хизмат қилади», — деди Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси директори Шуҳрат Усмонов.

Дастурдан 5 ва 10 километр масофага югуриш, скандинавча юриш бўйича мусобақалар ҳамда 2018–2021 йилларда туғилган иштирокчилар учун 250 ва 500 метр масофаларга болалар ўртасида ўтказиладиган Kids Run оммавий югуриш мусобақалари ўрин олган.

Югуриш ишқибозлари билан бирга Хоразм вилоятининг етакчи олий ўқув юртлари талабалари — Talaba Yugur ҳаракати иштирокчилари ҳам стартга чиқади. Улар ўз таълим муассасалари номидан қатнашиб, спорт, жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда минтақанинг энг фаол олий таълим муассасаси унвони учун кураш олиб боради.

Дастурда Silk Road Uzbekistan лойиҳасининг ажралмас қисми ҳисобланган «Инсон Учун» инклюзив оммавий югуриш мусобақаси алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг иштирокчилари стартга биринчи бўлиб чиқиб, Arda Khiva мажмуаси ҳудуди бўйлаб махсус тайёрланган бир километрлик маршрутни босиб ўтадилар.

Silk Road Khiva’нинг умумий соврин жамғармаси 69 миллион сўмни ташкил этади. Эркаклар ва аёллар ўртасида биринчи олтинчи ўрингача эгаллаган иштирокчилар учун пул мукофотлари кўзда тутилган.

10 километр масофада қуйидаги мукофотлар белгиланган: 1-ўрин — 6 миллион сўм, 2-ўрин — 5 миллион, 3-ўрин — 4 миллион, 4-ўрин — 3 миллион, 5-ўрин — 2 миллион, 6-ўрин — 1 миллион сўм.

5 километр масофада: 1-ўрин — 3,5 миллион сўм, 2-ўрин — 3 миллион, 3-ўрин — 2,5 миллион, 4-ўрин — 2 миллион, 5-ўрин — 1,5 миллион, 6-ўрин — 1 миллион сўм.

Kids Run ғолиб ва совриндорларига ташкилий қўмита ҳамда ҳамкорлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилади.

Иштирок этиш нархи танланган масофага қараб 100 минг сўмдан 200 минг сўмгача этиб белгиланган. Старт пакетига чип ва тўғноғичлар тўплами билан бирга кўкрак нишони, рюкзак, кепка ҳамда профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар учун спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан бири бўлган Испаниянинг Joma спорт бренди футболкаси киради.

Танланган масофани босиб ўтган ҳар бир иштирокчи эсдалик медали билан тақдирланади.

Старт пакетини 11 ва 12 сентябрь кунлари соат 10:00 дан 20:00 гача Болтаев кўчаси, 41-уй манзилида, мўлжал — Ичан қалъа, бўлиб ўтадиган югуриш кўргазмасида (EXPO) олиш мумкин.

Рўйхатдан ўтиш perfend.com платформасида амалга оширилмоқда.

Сиз ҳам ушбу спорт тадбирига қўшилинг, рўйхатдан ўтинг ва қадимий шаҳарнинг ноёб тарихий ёдгорликлари муҳитида ўз кучингизни синаб кўринг.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.