Ўзбекистон — Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Корея президенти Ўзбекистон раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб келаётган муносабатлар тарихида муҳим воқеа эканини қайд этди.

Бу борада товар айланмаси ва инвестициялар кўрсаткичлари ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда Корея сармояси иштирокидаги 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Эксимбанки ва «EDCF» жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, саноат, АКТ, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, инфратузилма, таълим соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Музокаралар давомида парламентлар, вазирлик ва идоралар, ҳудуд раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари Корея билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишини айтиб ўтди. Булар — савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш.
Жорий ташриф якунлари бўйича инвестиция портфели кўлами янада кенгайиши қайд этилди. Хусусан, умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрланган. Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган.

Альянс фаолиятини ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳалари ҳамда тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатида юқори технологияли ва рақамли ечимларни жорий этиш каби устувор йўналишларга қаратиш таклиф этилди.
Ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ва ҳарбий мутахассисларни ўқитишга тайёрлик билдирилди.
Ташриф арафасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланди. Кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Президентлар музокаралар давомида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу бердилар.
Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали фаолият юритиб, педагогика, АТ, муҳандислик, рақамли технологиялар ҳамда замонавий иқтисодиётнинг бошқа устувор йўналишларида юқори малакали кадрларни тайёрлаётгани қайд этилди.

Кадрлар тайёрлаш бўйича амалий тажриба алмашишда икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форуми муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Муносабатларни ривожлантиришда халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданий алмашинув муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Давлат раҳбари кўп сонли корейс диаспораси Ўзбекистон кўп миллатли оиласининг ажралмас қисми ҳамда икки мамлакат ва халқ ўртасидаги «маънавий кўприк» эканини таъкидлади.
Ушбу гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида 2027 йилни «Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили» деб эълон қилиш ҳамда қўшма маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Якунда муҳокама қилинган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан томонларнинг позициялари яқинлиги ҳам тасдиқланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.