Бугун Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси финал йўлланмаси учун рингга кўтарилди. Якунда улардан икки нафари ҳал қилувчи баҳсга йўл олган бўлса, яна бир боксчимиз мусобақани бронза медали билан якунлади.
Абдумалик Халоков — финалда!
60 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Абдумалик Халоков ярим финалда мезбонлар вакили Шунсуке Китамотога қарши жанг қилди.
Япониялик боксчи ўз юртида Абдумаликка қарши бор имкониятини ишга солган бўлса-да, Халоков тезкор ва аниқ ҳаракатлари эвазига жангни ўз фойдасига ҳал қилди.
Ҳакамлар якунда 4:1 ҳисобидаги ғалабани ўзбекистонлик боксчига беришди. Шу тариқа Абдумалик Халоков Осиё ўйинлари финалига йўл олди.
Фазлиддин Эркинбоев — бронза медали соҳиби
80 кг вазн тоифасида Фазлиддин Эркинбоев ярим финалда ҳиндистонлик Анкушга қарши рингга кўтарилди.
Муросасиз кечган жанг якунида ҳакамлар 4:1 ҳисобидаги ғалабани ҳинд боксчисига беришди.
Шу тариқа Фазлиддин Эркинбоев Осиё ўйинларини бронза медали билан якунлади.
Жаҳонгир Зокиров — финалда!
+90 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Жаҳонгир Зокиров ярим финалда эронлик Амир Эсмаилига қарши жанг қилди.
Эсмаили чорак финалда хитойлик тажрибали Данабиеке Байекивузини мағлуб этиб, ярим финалга йўл олганди. Бироқ ҳал қилувчи баҳсда Жаҳонгир Зокиров унга жиддий қаршилик кўрсатиш имконини бермади.
Жанг Зокировнинг иккинчи раунддаги техник нокаут билан ғалабаси билан якунланди.
Шу тариқа Ўзбекистон бокс терма жамоаси Осиё ўйинларида иккинчи финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ярим финаллар давом этади
Эртага Осиё ўйинларида бокс бўйича ярим финал жанглари давом этади. Кун давомида яна тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Жуфтликлар:
51 кг: Феруза Казакова — Ву Ю (Хитой) — 09:00
60 кг: Ситора Турдибекова — Лин Ю-Тинг (Хитой Тайпейи) — 09:30
70 кг: Шавкатжон Болтаев — Торехан Сабирхан (Қозоғистон) — 11:00
90 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев — Капил Покҳария (Ҳиндистон) — 11:30
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.