Халқаро арбитраж туркиялик инвесторларнинг Ўзбекистонга қарши талабларини рад этди
26 октябрь куни Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказ (ICSID) арбитраж трибунали Туркия фуқароси Меҳмет Зеки Обуз ва бошқаларнинг Ўзбекистонга қарши қўзғатган халқаро арбитраж иши юзасидан қарор қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги
хабар бермоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, трибунал давлатга қарши қўйилган барча талабларни рад этган. Ишни кўриб чиқиш 5 йилдан ортиқ давом этди.
Низо нимадан бошланган?
Низо озиқ-овқат саноатидаги корхона билан боғлиқ бўлган. Арбитражга Туркиянинг уч нафар фуқароси (Меҳмет Зеки Обуз, Севде Йилмаз ва Хюрие Обуз) ҳамда фаолияти тугатилаётган Туркиянинг Obuzlar Gıda компанияси
мурожаат қилган.
Аризачилар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 1992 йилда имзоланган инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битимга таянган. Очиқ материаллардан аризачилар Ўзбекистоннинг айнан қайси чоралари юзасидан низолашгани ва қанча миқдорда маблағ талаб қилгани номаълум.
Ишни кўриб чиқиш қандай кечган?
Трибунал 2022 йил февраль ойида шакллантирилган. Талабларнинг моҳияти бўйича эшитувлар 2024 йил 1 июлдан 10 июлгача Вашингтонда бўлиб ўтган. Ўзбекистон манфаатларини Адлия вазирлиги ҳамда
Curtis, Mallet-Prevost, Colt & Mosle (Curtis) халқаро юридик фирмаси ҳимоя қилган. Аввалроқ Gazeta
хабар берганидек, 2025 йил ноябрь ойида Curtis Тошкентда ўз офисини очганди.
Иш нима билан якунланди?
ICSID реестрида иш якунланган сифатида қайд этилган. Реестрга кўра, қарорга даъвогар томонидан тайинланган арбитрлардан бирининг алоҳида фикри илова қилинган. Қарор ва алоҳида фикр матнларини очиқ манбалардан топишнинг имкони бўлмади.
Арбитраж трибунали эълон қилган қарор низолашувчи томонлар учун якуний ҳисобланади.
2007 йилда «Халқ сўзи» (PDF) газетасида ёзилишича, Меҳмет Зеки Обуз Ўзбекистонда божхона тўловлари, ҚҚС ва акциз солиғини тўлашдан бўйин товлаш, бюджет маблағларини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳамда бошқа жиноятларда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Нашр Меҳмет Зеки Обузнинг Ўзбекистонга 1995 йилда келгани ҳақида хабар берган. Ўша йили у «Сундус» ҚК асосчиларидан бири, 1998 йилда эса унинг бош директори бўлган.