2027 йилда Хивада ЮНЕСКОнинг маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиуми бўлади

2027 йилда Хивада ЮНЕСКОнинг маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиуми бўлади

ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Парижда ўтган 225-сессиясида 2027 йилда Хивада «Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш» мавзусида халқаро симпозиум ўтказилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда халқаро ташкилот сайтида маълум қилинди.

Тадбир турли мамлакатларнинг етакчи экспертлари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда.

Иштирокчилар маданий мерос объектларига бўладиган таҳдидларнинг олдини олиш, замонавий технологияларни қўллаш, анъанавий билимларни сақлаб қолиш ва мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Хивадаги тадбир якунлари бўйича маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади.

Хивада симпозиум ўтказиш тўғрисидаги банд ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг «Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш» қарорига киритилди.

Кенгаш ЮНЕСКО бош директорига тажриба алмашинувига кўмаклашишни ҳамда мамлакатларга маданий мерос учун иқлим таҳдидларини аниқлаш ва олдини олишда ёрдам беришни давом эттиришни таклиф этди.

Ушбу мавзуда резолюция ишлаб чиқишни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида таклиф қилганди. Ўшанда у Ўзбекистон Хивада симпозиум ўтказишга тайёр эканини ҳам билдирган.

«Дунё» АА хабарига кўра, қарор моддий ва номоддий маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар, тезкор урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар оқибатларидан ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Агентлик маълумотларига кўра, қарор лойиҳасига ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат ҳаммуаллифлик қилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.