Абдумалик Назиров энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди

Абдумалик Назиров энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди

Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан Абдумалик Абдусалимович Назиров Ўзбекистон энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Абдумалик Назиров бунга қадар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Абдумалик Абдусалимович 1984 йилда Тошкент вилоятининг Пискент туманида туғилган. У 2005 йилда Тошкент давлат техника университетининг кундузги бўлими таҳсил олган, 2007 йилда эса магистр илмий даражасига эга бўлган. У Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси битирувчиси.

Назиров ўз меҳнат фаолиятини 2002 йилда «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» Пискент тумани электр таъминоти корхонасида назоратчи, электромонтёр вазифаларидан бошлаган. Олий маълумот соҳиби бўлганидан сўнг, 2006 йилдан Марказий магистрал электр тармоқларида электромонтёр, муҳандис лавозимларида ишлаган.

2009−2014 йиллар оралиғида «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» Энергия сотиш хизмати гуруҳ раҳбари, 2014−2016 йилларда Давлат бошқаруви академияси тингловчиси, 2016−2018 йилларда «Ўзбекэнерго» ДАК «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Молия-иқтисод ва энергосотиш масалалари бўйича директори, 2018−2019 йилларда «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг энергия режими ва йўқотишлар назорати бўлими бошлиғи, 2019 йилда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи, 2022 йил Энергетика вазирлиги электр тармоқлари бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

2022 йил май ойидан то 2025 йил ноябрь ойигача МЭТ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаганди.

Аввалроқ 2026 йилнинг июнь ойидан буён энергетика вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Умид Мамадаминов Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори этиб тайинланганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.