Сув хўжалиги вазирлиги раҳбари Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш ғояси ҳатто СССР ташкил топишидан олдин ҳам муҳокама қилинганини эслатди.
«Ҳозир Россиянинг ўзи иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечиряпти. Совет Иттифоқи иқтисодий жиҳатдан қудратли бўлган даврда Сибир дарёларини буриш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганди. Лойиҳалар ишлаб чиқилган, сувни етказиб бериш усуллари ўрганилган. Бироқ иқтисодий қийинчиликлар сабаб ишлар тўхтаб қолган. 1986 йилда СССРда мазкур лойиҳани тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган», — деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, яқинда бир гуруҳ россиялик олимлар 100 млрд доллар эвазига 5 млрд куб метр атрофида сув етказиб бериш ташаббусини яна илгари сурган. Ушбу ташаббус турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
«Қозоғистон томонидан ҳатто: „Нега сувни фақат Ўзбекистонга бермоқчисиз, бизга бермайсиз?“ деган саволлар ҳам янгради. Лекин, мана, мен ҳозир сизга рақамларни келтирдим. Ўзимиз шундоғам 11 млрд куб метр сувни тежаяпмиз. Устига устак, бунинг учун 100 млрд доллар сарфлаганимиз йўқ. Биз амалга ошираётган барча чора-тадбирлар харажатини қўшиб ҳисоблаганда ҳам, тахминан 5 млрд доллар чиқиши мумкин», — деди Сув хўжалиги вазирлиги раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этишга келгусида яна 5−10 млрд доллар йўналтирилиши ҳам мамлакатга сувни бошқа минтақалардан буриб олиб келиш заруратисиз унинг сарфини қўшимча равишда қисқартириш имконини беради.
«Биз яна 5 млрд, эҳтимол, 10 млрд доллар сарфлаб, сувни юқоридан олиб келмасдан ҳам ундан-да кўпроқ сувни тежаб қоламиз», — деди Ҳамроев.
Унинг сўзларига кўра, бу, энг аввало, иқлим ўзгариши, ёғин-сочин миқдори ҳамда трансчегаравий дарёлар ҳавзасида шаклланадиган сув ҳажмига боғлиқ бўлади.
«Фараз қилайлик, 2050 йилларга бориб табиатда бирор мўъжиза рўй бермаса, сув йилдан-йилга камайиб борса ва иқлим ўзгариши бизнинг зиёнимизга ишлашда давом этса, биз қўшимча сув манбаларини излашга мажбур бўламиз», — деди вазир.
Унинг эслатишича, назарий жиҳатдан совет лойиҳасида йилига 27 млрд куб метрга яқин сувни буриш кўзда тутилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат Ўзбекистонга, балки Россия, Қозоғистон ва қисман Туркманистонга ҳам фойда келтириши мумкин эди.
«Эҳтимол, кейинги музокаралар давомида, агар олимлар бу масалани чуқурроқ ўрганиб чиқишса, бундай лойиҳа ҳам амалга оширилиши мумкин», — дея қўшимча қилди Ҳамроев.
РФА Сув муаммолари институти илмий раҳбари Виктор Данилов-Данильян РБКга маълум қилишича, тегишли қарор РФА Ер фанлари бўлими илмий кенгашининг йиғилишида қабул қилинган. Олимлар Россия Фан ва олий таълим вазирлигига мазкур тадқиқотларни давлат режасига киритиш таклифи билан чиқиш ниятида эди.
Очиқ канал қурилишини кўзда тутган совет лойиҳасидан фарқли ўлароқ, замонавий концепция сувни ёпиқ қувурлар тизими орқали етказиб беришни назарда тутади.
Таклиф этилган вариантлардан бири ҳар бирининг узунлиги 2100 километрга яқин бўлган еттита қувур линиясини ўз ичига олади. Дастлабки босқичда Об дарёсидан йилига 5,5 млрд куб метр атрофида сув буриш, келгусида эса ўтказиш қувватини уч-тўрт бараварга ошириш режалаштирилган эди.
Лойиҳа қийматини «ИЭС Инжиниринг ва Консалтинг» консалтинг компанияси лойиҳа раҳбари Дмитрий Созонов баҳолади. Унинг халқаро муқобилларга асосланган ҳисоб-китобларига кўра, дастлабки инвестициялар ҳажми 100 млрд доллардан бошланиши, якуний сумма эса бундан ҳам юқори бўлиб чиқиши мумкин.
У йиллик қўшимча эксплуатация харажатларини 700 миллиондан 1,5 млрд долларгача баҳолади. Маблағларнинг катта қисми насос станциялари фаолияти, қувурларга техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга сарфланади. Эксперт асосий қувватларни қуришнинг минимал муддатини ўн йилга баҳолади.
Шу билан бирга, ўшанда Россия Табиий ресурслар вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатлари идорага келиб тушмаганини РБКга маълум қилган. Муҳокамалар илмий-экспертлик хусусиятига эга бўлган.
Лойиҳа доирасида Қозоғистон ҳамда Марказий Осиё республикаларининг қурғоқчил ҳудудларини сув билан таъминлаш, жумладан, суғорма деҳқончиликни кенгайтириш учун йирик каналлар тизимини барпо этиш кўзда тутилган эди.
Бироқ 1986 йил 14 августда КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Вазирлар Совети шимолий ҳамда Сибир дарёлари оқимининг бир қисмини буриш бўйича ишларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Мазкур қарор, жумладан, лойиҳанинг экологик ва иқтисодий оқибатларини чуқурроқ ўрганиш зарурати билан ҳам боғлиқ эди. Мутахассислар табиий экотизимларга етказилиши мумкин бўлган зарар, дарёларнинг сув режими ўзгариши ва қурилиш қийматининг юқорилиги ҳақида огоҳлантирган.
Энг катта тежамкорликка сув тежовчи технологияларни қўллаш ва ерларни лазерли текислаш орқали эришилди — қарийб 5 млрд куб метр. Суғориш тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ва бетонлаш ҳисобига яна 3,14 млрд куб метр сув тежалди.
2025 йилнинг августида президент 2025−2028 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш дастурини тасдиқлади. Унда 2551 км ирригация тармоқларини реконструкция қилиш, 1,4 млн гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва бетон қопламали каналлар улушини ошириш кўзда тутилган.
Дастурга кўра, 2028 йилга бориб йиллик сув тежаш ҳажми 14 млрд куб метрга етиши керак. Ҳукумат 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 15 млрд куб метрга етказиш ниятида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.