Мажлис бошида спикер мактуб бир кун аввал оммага эълон қилинганини, телевидениедаги ахборот дастурларида намойиш этилганини ва газеталарда чоп этилганини таъкидлади. Унинг айтишича, депутатлар ҳам эрталабдан мактубнинг мазмуни ва моҳияти ҳақида фикр алмашган.
«Албатта, ҳар бир депутат, ҳар бир ходим уни чуқур англаб етиши керак, деб ҳисоблаймиз. Мактуб жуда мазмунли», — деди Нуриддин Исмоилов.
Спикернинг айтишича, мактубда катта ва ёш авлод ўртасидаги муносабатлар, тарбия масалалари, келажак авлодга билдирилган тилаклар, катта авлод ҳаёти ҳамда бугунги ёшлар учун яратилган шароитлар акс этган.
«Шунинг учун, бу мактубни фракцияларимиз ва қўмиталаримизда ўрганиб чиқишимиз керак, деб ўйлайман. Ҳар биримиз ундан ўзига тегишли хулоса чиқариши лозим. Ахир, барчамизнинг уйимизда ёш авлод вакиллари, набираларимиз ва фарзандларимиз бор. Бу мактубдан уларга қандай эътибор қаратишимиз кераклигини англаб олишимиз зарур», — деди у.
Давлат раҳбари ўз мактубида набирасига берган насиҳатлари Ўзбекистоннинг барча болаларига қаратилган тилаклар эканини таъкидлаган.
Депутатлар, сенаторлар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, жамоат арбоблари, педагоглар, бошқа соҳа вакиллари ҳамда меҳнат фахрийлари газеталарда мактуб ҳақидаги фикрларини билдирмоқда.

Мактуб мамлакатдаги мактаблар, олий таълим муассасалари ва бошқа таълим ташкилотларида, корхоналар ҳамда ташкилотларда ҳам муҳокама қилинмоқда.


ЎзА хабар беришича, «Нуроний» жамғармасининг Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқарув раиси Содиқжон Турдиев Сирдарё туманидаги йиғилишда шундай деган:
«Мен ҳам ушбу мактубни ўқиб чиқиб, жуда таъсирландим. Унда оилавий меҳр, фарзанд тарбияси, авлодлар ўртасидаги муносабатлар ва инсоннинг ҳаётдаги масъулияти ҳақидаги муҳим фикрлар жамланган. Биз ҳам набираларимизни эркалатамиз, уларга меҳр кўрсатамиз. Аммо фақат эркалатиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг тарбияси, келажаги, ҳаётда ўз ўрнини топиши ҳақида ҳам қайғуришимиз керак. Менимча, ушбу мактуб ҳар биримиз учун ўзига хос сабоқдир».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.