Ўмон билан 5 млрд, Туркия билан 11,2 млрд долларлик лойиҳалар ижроси учун «йўл хариталари» тузилади

Ўмон билан 5 млрд, Туркия билан 11,2 млрд долларлик лойиҳалар ижроси учун «йўл хариталари» тузилади

Шавкат Мирзиёев хорижий ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда 2027 йилда мамлакатда йирик халқаро тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда 16−17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига амалга оширилган давлат ташрифи якунлари кўриб чиқилди. Ташриф доирасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим ва 30 дан ортиқ икки томонлама ҳужжат имзоланиб, 5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинди. Энергетика, электротехника, кимё ва тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, молия ва рақамли технологиялар соҳалари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари этиб белгиланди.

23−24 ноябрь кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига бўлиб ўтган давлат ташрифи давомида эса стратегик шериклик битими билан бирга жами 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинди. Улар орасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга хизмат қилади.

Томонлар тўқимачилик корхоналарини очиш, муҳим минералларни ўзлаштириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва агросаноат кластерларини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни режалаштирган.

Бундан ташқари, Туркия билан эришилган келишувлар ижроси таҳлил қилинди. Давлат раҳбарининг жорий йил январь ойида Анқарага ташрифи ва Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишида ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган эди.

Октябрь ойида Анқарада ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон — Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаши таъсис этилди. 19 ноябрь куни Тошкентда Туркиянинг 150 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган кенгашнинг биринчи йиғилишида 11,2 миллиард долларлик инвестиция ва савдо келишувларига эришилди.

Шунингдек, паррандачилик, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, шаҳарсозлик, геология ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари қайд этилди.

Йиғилишда ҳар бир мамлакат бўйича аниқ чора-тадбирлар, муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс «йўл хариталари»ни шакллантириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва инфратузилма яратиш топширилди.

Туризм, таълим, илм-фан, маданият, тўғридан-тўғри авиақатновлар ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, йил бошидан буён амалга оширилган бошқа хорижий ташрифлар келишувлари ижросини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, 2027 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган йирик халқаро тадбирлар кун тартибини шакллантириш ва уларни юксак савияда ташкил этиш бўйича масъул идораларга вазифалар юклатилди.

Йиғилишда электротехника саноатини ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳам кўриб чиқилди. 2030 йилга қадар тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 130 триллион сўмга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш ҳамда қиймати 11 миллиард доллардан зиёд инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш мақсад қилинган.

2027−2029 йилларда олтита истиқболли йўналишда 164 та лойиҳани амалга ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва «Минг нафар муҳандис-конструктор» дастурини рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.