«City Palace» ўрнида 41 қаватли меҳмонхона қуриш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда
«City Palace» ўрнида 41 қаватли меҳмонхона қуриш таклифи кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Миллий қўмита қайд этишича, масала инвестиция киритиш ёки янги меҳмонхона қуришга қаршиликда эмас, балки шаҳар инфратузилмасининг бундай баланд бинога дош бера олиш-олмаслигидадир.
Ҳар қандай йирик объект шаҳарнинг мавжуд электр, сув ва йўл тармоқларига уланади ҳамда уларга тушадиган юкламани оширади. Шу боис аввало лойиҳанинг инфратузилмага таъсирини баҳолаш талаб этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:
- Баландлик: Лойиҳадаги бино Бош режада белгиланганидан қарийб 6 баробар баланд — 7 қават ўрнига 41 қават қилиб кўрсатилган. Хоналар сони эса 4,5 баробар ортади.
- Электр таъминоти: Меъёрга кўра, подстанцияларда захира қувват бўлиши ва юклама 50 фоиздан ошмаслиги лозим. Ҳудуддаги подстанциялар эса ҳозирнинг ўзида 70 фоиз юклама билан ишламоқда, яъни захира тугаган. Янги лойиҳа эса бунга яна камида 10–15 фоиз қўшади.
- Ичимлик суви: Янги мажмуанинг қувватга эҳтиёжи амалдаги кўрсаткичдан 2 баробар юқори бўлиб, мавжуд тармоқ захираси талаб этиладиган қувватнинг атиги 65 фоизини қоплайди. Оқибатда 35 фоиз қувват тақчиллиги юзага келиб, қўшимча инфратузилма қувватлари яратилмасдан мажмуани тўлиқ таъминлаш имконсиз бўлади.
- Йўл инфратузилмаси: Навоий ва Амир Темур кўчалари орқали ўтувчи йўл тармоғи тиғиз вақтларда меъёрий чегарадан ошиб, 60 фоиздан ортиқ юкланмоқда. Лойиҳа ушбу оқимга яна камида 5–6 фоиз қўшади.
- Хавфсизлик: 41 қаватли бино учун зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги, эвакуация ва шамол юкламаси бўйича алоҳида ҳисоб-китоблар зарур.
Захираси қолмаган тармоққа қўшимча юк берилса, унинг оғирлиги шу ҳудудда яшовчи ва ишловчи аҳолига тушади, пойтахтда эса инфратузилмаси муаммоли яна бир манзил пайдо бўлади.
Қурилишга рухсат беришдан аввал лойиҳани Бош режага ва ён-атрофдаги бинолар баландлигига мослаштириш лозим. Шунингдек, электр, сув, канализация ва транспорт учун қўшимча қувват манбалари, зарур объектларни ким ва қачон қуриши аниқ белгиланиши керак. Шундан сўнггина лойиҳа белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбу ёндашув пойтахтдаги барча йирик лойиҳаларга тааллуқли бўлиб, аввал инфратузилма имкониятлари ўрганилади ва шундан кейин рухсат берилади. Шаҳарсозликда бугун йўл қўйилган хато келгусида бартараф этиш қийин бўлган муаммоларга олиб келиши мумкин.