Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари

23−24 ноябрь кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирол Абдулла II таклифига кўра биринчи давлат ташрифи билан Иорданияда бўлди.

Аммандаги музокаралар якунлари бўйича томонлар икки томонлама муносабатлар даражасини стратегик шерикликка кўтарди, қиролликда умумий қиймати 1,5 млрд долларлик қарийб 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режаларини билдирди ва 19 та ҳужжатни имзолади.

Сиёсий ва халқаро кун тартиби


Шавкат Мирзиёевнинг Амманга давлат ташрифи қирол Абдулла II нинг 2025 йил август ойида Самарқандга қилган сафаридан кейинги жавоб ташрифи бўлди.

Музокаралар давомида давлат раҳбарлари муносабатларнинг янги мақомини мустаҳкамлади — стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзолади ҳамда икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнот қабул қилди.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Келишувларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш вазифаси Ҳукуматлараро комиссия (унинг биринчи йиғилиши 2026 йил апрель ойида ўтказилган) ва февраль ойида ташкил этилган Ўзбекистон−Иордания ишбилармонлар кенгашига юклатилди.

Музокаралар ва якуний қўшма баёнотнинг салмоқли қисми халқаро хавфсизлик ва Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланди. Хусусан, қўшма баёнотда раҳбарлар «икки давлат» тамойили асосида 1967 йилги чегараларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этишни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг (2025 йилдаги 2803-сонли) резолюцияси ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазодаги вазиятни барқарорлаштириш режасини амалга ошириш тарафдори эканини билдирди.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Шавкат Мирзиёев Қуддусдаги мусулмонлар ва христианлар муқаддас қадамжолари устидан ҳошимийлар тарихий ҳомийлигини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Томонлар Яқин Шарқдаги асосий денгиз савдо йўллари хавфсизлиги бўйича ҳам позицияларини қайд этди. Хусусан, Ҳурмуз ва Боб-ул-Мандаб бўғозлари орқали кемалар қатнови, парвозлар ва савдонинг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни тасдиқлади. Шунингдек, Иордания қиролининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича халқаро ташаббуси — «Ақаба жараёни» доирасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Қирол Абдулла II Ўзбекистоннинг ушбу форум йиғилишларидан бирини 2027 йилда ўз ҳудудида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Шавкат Мирзиёев Иордания қиролини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Иқтисодиёт ва савдо


Ўзбекистон ва Иордания ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказишга келишиб олди. Ўзбекистон Иорданияда умумий қиймати 1,5 млрд доллар бўлган қарийб 40 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Амманда имзоланган имтиёзли савдо тўғрисидаги битим 300 турдаги товарлар рўйхати бўйича божхона божларини пасайтиради. Рўйхатга ҳар икки давлатдан 150 тадан товар позицияси киритилган. Бу ҳозирча ишга солинмаган савдо салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Ташриф давомида сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми қарийб тўққиз баробарга ошгани, 2025 йил якунлари бўйича эса тахминан 80 фоизга кўпайгани қайд этилди. Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми 8,53 млн долларни ташкил этган. Ўзбекистон экспорти 5,42 млн долларга етган бўлиб, унинг 94,2 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, қандолат маҳсулотлари ва қуритилган мевалар ташкил этган. Иорданиядан импорт эса 3,11 млн доллар бўлиб, асосан ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан иборат бўлган.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокида 20 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Ташриф арафасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Қудаҳ инвестиция лойиҳалари ва савдо келишувлари портфелини шакллантирди. Томонлар логистика қувватларини кенгайтириш ва икки давлат ўртасида юк авиация ташувларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олди. Бу Амман−Тошкент йўналишида 2026 йил 30 июнда Royal Jordanian авиакомпанияси томонидан очилган мунтазам йўловчи авиақатновларини тўлдириши керак. Парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон−Иордания бизнес форуми бўлиб ўтди. Иордания оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, форумда икки давлатнинг қарийб 150 та компаниясидан 250 дан ортиқ вакил иштирок этди. Кўргазмада эса 60 та саноат корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш қилди.

Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида тўқимачилик ва кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, кончилик соҳасини қайд этди. Ўзбекистон ва Иордания ўғитлар, озиқ-овқат қўшимчалари ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, агрокластерлар ташкил этиш, уруғчилик, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Бундан ташқари, бир қатор бошқа лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг Basalt Uzbekistan ва Иорданиянинг NAMC компанияси базальт толаси ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳа тайёрламоқда. Ташриф арафасида Иордания энергетика ва минерал ресурслар вазири Солеҳ Харабше Ўзбекистон делегацияси билан Мужиб ҳудудида қуввати 450 МВт бўлган гидроаккумуляцияли энергия сақлаш тизимини қуришга эҳтимолий инвестицияларни ҳам муҳокама қилди. Бундан ташқари, Амманда ўзбек маҳсулотлари Савдо уйини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Келишувлар ва лойиҳалар


Музокаралар якунлари бўйича 19 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.

Ҳужжатлар орасида преференциал савдо тўғрисидаги битимдан ташқари жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги битим ҳам бор. У икки давлат суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмини яратади. Шунингдек, Тошкент ва Амман, Самарқанд ва Петра сайёҳлик минтақаси ўртасида шериклик ўрнатиш бўйича ҳудудлараро келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Томонлар иқтисодий дипломатия, тоғ-кон саноати ва геология, уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари устидан назорат, тиббий хизматлар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди.

Тошкент бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Иордания Амманда нималарга келишиб олди? Шавкат Мирзиёев ташрифининг якунлари
Улар орасида Ақаба махсус иқтисодий зонасида Ўзбекистон хомашёси ва ярим тайёр маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда қўшма тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш бор. Бу Иордания эркин савдо тўғрисида келишувларга эга бўлган учинчи давлатлар, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи бозорларига божхона тўловларисиз кириш имконини беради. Иорданиялик инвесторларга Тошкент ва Самарқанддаги «Келажак металллари» технопарклари базасида муҳим минераллар бўйича лойиҳаларда иштирок этиш таклиф қилинди. Шунингдек, Иорданиянинг йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиси, 40 дан ортиқ давлатга дори воситалари етказиб берувчи Dar Al-Dawa компанияси билан ҳамкорликда Tashkent Pharma Park кластерида дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаси таклиф этилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Иорданиянинг йирик фосфат ишлаб чиқарувчиси Jordan Phosphate Mines Company билан ўзаро англашув меморандуми имзоланганини маълум қилди. Шунингдек, чорвачилик учун фосфатли озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълум қилишича, агентлик директори Абдулла Азизов Иордания хусусий шифохоналар ассоциацияси билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу ассоциация мамлакатдаги 58 та хусусий клиникани бирлаштиради. Меморандум соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва тиббий туризмни ривожлантиришга қаратилган.

Маданият ва туризм


Томонлар ўзаро асосда маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказишга келишди ҳамда маданият ва креатив индустриялар соҳасида, шунингдек, миллий кутубхоналар ва архивлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатларни имзолади.

Ташриф давомида туристик алмашинувларни кенгайтириш бўйича ҳам келишувга эришилди. 2025 йил 25 сентябрдан икки давлат ўртасида 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим амал қилмоқда. Hala Akhbar нашри маълумотларига кўра, Ўзбекистондан Иорданияга сайёҳлар оқими 2024 йилдаги 2818 кишидан 2025 йилда 7072 нафарга етган. 2026 йил январь−октябрь ойларида эса қиролликка яна 3409 нафар ўзбекистонлик борган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.