Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ХВЖ келишув моддаларининг IV-моддасига мувофиқ, 2022 йилдаги маслаҳатлашувлар учун Ўзбекистонда бўлиб турган Рон ван Роден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестициявий сиёсат, инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторларни жалб қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, Давлат инвестиция дастурининг ижроси кўриб чиқилди.
ХВЖ миссиясининг раҳбари Ўзбекистон Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув учун Преференциялар бош тизими (GSP+) ва Буюк Британиянинг Преференциялар бош тизими кенгайтирилган схемаси (GSP Enhanced framework) бенефициар мамлакат мақомига эга бўлганини олқишлади.
Рон ван Роден “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтаси ва тўқимачилигига эълон қилинган бойкот бекор қилинишига эришишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маълумот учун: ХВЖ миссияси 2022 йилнинг 31 мартидан Ўзбекистонда бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан учрашувлар ўтказди. Муҳокамаларда иқтисодиётимизнинг жорий ҳолати, уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.