Тошкент шаҳри ва вилоятида 4 та Paynet аппаратидан пуллар ўғирлаб кетилди

Тошкент шаҳри ва вилоятида 4 та Paynet аппаратидан пуллар ўғирлаб кетилди

Маълум бўлишича, 4 нафар шахс автобус бекатларида жойлашган аппаратларни бузиб, ичидаги қарийб 65 млн сўм пулларни ўмарган.

Юнусобод туманида 4 нафар шахс олдиндан тил бириктириб, Paynet аппаратини тунашди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 январь куни Юнусобод тумани «Барака» кўчасида жойлашган автобус бекатидаги Paynet аппарати бузиб очилган. Натижада, ичидаги 40 млн 278 минг сўм пул номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.

Ўтказилган тезкор қидирув тадбирлар натижасида ушбу жиноятни содир этган 4 нафар шахс қўлга олиниб, туман ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлимига топширилган.

Қолаверса, айна шу шахслар томонидан яна Олмазор тумани «Жомий» айланмаси бекатида жойлашган тўлов аппаратидан 24 млн 124 минг сўм, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги тўлов аппаратидан эса 310 минг сўм пулларни ўғирлагани маълум бўлган.

Аниқланишича, улар жиноят жойига келиб, маълум бир миқдордаги пулларни Paynet аппарати орқали пластик карталарига тушириб олган. Сўнгра турли асбоблар билан Paynet аппаратини бузиб, ичидаги пулларни талон-тарож қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан 4 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 2- қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.