Ҳиндистон полицияси Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган сиропни ишлаб чиқарган Marion Biotech компаниясининг мансабдорларини ҳибсга олди.
Қайд этилишича, тергов Ўзбекистонда ширкат дори-дармонлари туфайли 18 нафар боланинг ўлими ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганидан кейин бошланган. Мазкур иш бўйича айбланган беш кишидан учтаси ҳибсга олинган. Айбланувчилар орасида Marion Biotech компаниясининг икки директори, кимёгар ва операциялар бўлими бошлиғи бор.
Нашр берган маълумотга кўра, мазкур сироп туфайли 2022 йилда Гамбия, Индонезия ва Ўзбекистонда 300 нафардан ортиқ, уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалар ўткир буйрак жароҳати туфайли вафот этган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган «Док 1 Макс» сиропи таркибида этиленгликоль мавжуд. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.