Улар фуқароларга 2 ҳафтада машина тайёрлаб берамиз дея, кредит эвазига машина олиб беришни ваъда қилган.
Маълум қилинишича, улар фуқароларга автотранспорт воситаларини кредит эвазига олиб беришни ваъда қилиб, тўловларни олгандан сўнг ном-нишонсиз йўқолиб қолган. Мижозлар Cobalt, Nexia 3, Jentra, Malibu ва Isuzu русумли автомобилларни олиш илинжида тўлов қилиб, на машинага эга бўлишган ва на пулларини қайтариб олишган.
«Бизга 2 ҳафтада машина тайёрлаб берамиз, дея ваъда берган эди. Мана орадан 2 йил ўтди. Ҳеч биримиз ҳеч қандай машина олганимиз йўқ»,- дейди жабрланувчи.
Аниқланишича, бошланғич тўлов сифатида банк муассасалари орқали қабул қилиб олинган жами 12 млрд сўм пуллар МЧЖнинг корпоратив картаси орқали нақдлаштирилган. Улар ноқонуний равишда «UzAvtoPremium» МЧЖ ва «AvtoAloGroup» МТ ташкил қилган.
«Агар мен буни фирибгарлигини билганимда бу ерда ишламас эдим»,- дейди ўзини шу МЧЖ менежери дея таништирган судланувчи.
Ҳолат юзасидан мазкур жиноят иши ЖИБ Шайхонтоҳур туман судида кўриб чиқилди. Унга кўра, ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми" а,в" бандилари, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а,б» бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этган 29 ёшли йигит 9 йил 6 ой, 26 ёшли йигит 9 йил ва ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а,в» бандилари, 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари, 243-моддаси, 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган 27 ёшли йигит 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
30 ёшли судланувчи қиз эса ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «в» банди ва 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.