Оилавий меҳрибонлик уйи «отаси» 16 ёшга тўлмаган қизга тегажоғлик қилиш ва номусга тегиш жиноятлари билан айбланмоқда. Олий суд ҳолат юзасидан маълумот берди.
Тармоқ фойдаланувчиларининг изоҳ қолдиришича, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилари бўлган 8 та бола асраб олинган. Улардан бири 13 яшар қиз эса ўз отаси томонидан жинсий зўравонликка учраган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Унга кўра, ЖКнинг 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилаётган жиноятларни содир этганликда айбланаётган К. Т. (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида 7 апрель куни бошланади.
«Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши маълум қилинади. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади»,- дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.