Реклама ролиги қонунга зид эканлиги сабаб олиб ташланди. Видеони олган блогер билан алоҳида суҳбат ўтказилди.
Қайд этилишича, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, рекламада – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш, миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Қўмита томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, реклама воситалари орқали жойлаштирилаётган товар (иш, хизмат) рекламасида маънавиятга тўғри келмайдиган, миллий ва оилавий анъаналарга масхараомуз ва кинояли оҳангда ёндашилган иборалардан фойдаланилиши ҳолатлари кўплаб кузатилиб, бундай рекламалар фуқаролар ва интернет фойдаланувчиларининг турли эътирозларига олиб келмоқда.
«Шундай экан, реклама ва ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди», дейилади хабарда.
Қўмита томонидан ушбу реклама бартараф этилиб, видеоролик намойиши тўхтатилган. Шунингдек, блогер Бобур Мансуров билан ўтказилган суҳбат давомида, ушбу видео роликни намойиш қилишда хотин-қизларни камситиш мақсади бўлмаганлиги таъкидланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.