Андижонда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида муштлашув содир бўлди — видео

Андижонда фуқаролар ва ИИБ ходимлари ўртасида муштлашув содир бўлди — видео

Можарога багажида вояга етмаган болалар бўлган Labo автомобили ҳайдовчисини ИИБ ходимлари тўхтатгани сабаб бўлган. Муштлашувнинг ўзи кейинроқ ИИБ биносида бўлиб ўтган.

Ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва тадбиркорлар ўртасидаги жанжал акс этган видео тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 13 апрель куни Шаҳрихон тумани ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог майор С.Камолитдинов «Эшонқишлоқ» маҳалласида хизмат олиб бораётган вақтида, мазкур маҳалла ҳудудидан 2004 йилда туғилган Ш.Ш. Labo'да йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ҳаракатланган.

Бундан ташқари у ўзи билан икки нафар 2006 ва 2007 йилда туғилган вояга етмаган болаларни транспортнинг юкхонасида олиб кетаётганлиги сабаб инспектор уни тўхтатган. Аммо, автомашина ҳайдовчиси болаларни юкхонадан тушириб, ўзи воқеа жойидан яширинган.

Шундан сўнг, ҳолатни расмийлаштириш мақсадида инспектор ва капитан Д.Қосимов вояга етмаган болалар билан ИИБ биносида суҳбатлашган. Ўша вақтда Labo ҳайдовчиси Ш.Ш., унинг акаси 1992 йилда туғилган Б.Ш. ва таниши Ж.Б.лар келиб, автомашинага нисбатан маъмурий жарима қўлламасликни, автомашинани жарима майдонига жойлаштирилиши гўёки унинг тадбиркорлик фаолиятига зиён етказишини важ қилиб, ходимларнинг ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатган.

Қолаверса, хизмат олиб бораётган ходимларни ҳақорат қилиб, улар билан жанжал уюштириб, майор С.Камолитдиновга тан жароҳатлари етказган.

Натижада, майор С.Камолитдиновга «Бош юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап елка ички юзаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкариши, милк юмшоқ тўқималарини лат ейиши» ташхиси қўйилган. Б.Ш.да "Бўйин олд қисмида шилинма жароҳати” мавжудлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Labo ҳайдовчисига нисбатан МЖтКнинг 128-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Воқеа иштирокчилари Ш.Ш., Б.Ш. ва Ж.Б.ларга эса МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда ЖКнинг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.