Uzbekistan Airways'нинг Истанбулга учаётган самолёти бортида 27 ёшли йўловчи аёл ўғил дунёга келтирди. Авиакомпания камдан-кам учрайдиган ҳолат тафсилотларини маълум қилди.
Маълум қилинишича, туғруқ Истанбулга яқинлашганда бошланган. 27 ёшли йўловчи Ситора А. стюардессаларга ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган. Вазиятни баҳолаган бригадир бортдаги шифокорлардан ёрдам беришларини сўраган. Орадан бироз вақт ўтиб йўловчи ҳомиладорликнинг 28 ҳафтасида ўғил фарзандини дунёга келтирган.
«Хавфсиз қўнгач, Истанбул халқаро аэропорти тиббиёт ходимлари самолётга чиқишди. Она ва янги туғилган чақалоқ поликлиникага етказилди, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Биз авиакомпания жамоаси номидан жажжи ҳамюртимизнинг ота-оналарини табриклаймиз. Бортда ёрдам берган экипаж аъзолари ва шифокорларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ушбу тадбир хотирасига Uzbekistan Airways туғруқ вақтида ҳар томонлама ёрдам кўрсатган йўловчиларга эсдалик совғаларини тақдим этади», - дейилади авиакомпания хабарида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.