Пойтахтда янги олиб келинган автобусни бошқаришда йўл қўйилган камчилик ортидан бир қанча ходимлар ишдан олинди

Пойтахтда янги олиб келинган автобусни бошқаришда йўл қўйилган камчилик ортидан бир қанча ходимлар ишдан олинди

Аввалроқ, Хитойдан олиб келинган автобуснинг том қисми ажралиб тушганди.

Тошкент шаҳрида янги олиб келинган автобусни бошқаришда йўл қўйилган камчилик ортидан бир қанча ходимлар ишдан олинди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 1 май куни “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқарув раиси, ўринбосарлари ва автобус саройи раҳбарлари иштирокида, сўнгги кунларда жамоат транспорти тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган автобус ҳайдовчиси Т.Н., шунингдек, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, автобуслар ҳаракатини хавфсиз ташкил этиш чораларини кўриш бўйича ҳайдовчилар ўртасида етарли даражада йўриқнома ўтказиб тушунтириш ишларини олиб бормагани, автобуслардаги реклама баннерларининг жойлаштирилиши ва бартараф этилишига совуққонлик билан ёндашгани ҳамда йўналишларга чиқариладиган автобус ва электробусларнинг иш тартибини тўғри ташкил этмагани сабабли автобус саройи масъул ходимларига қатъий чора кўрилиб, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, ҳайфсан интизомий чораси кўрилди. Жумладан:

— 2-автобус саройи филиали директори ўринбосари ва ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди;

— 1-автобус саройи филиали директори ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, филиал директорига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди;

— 7-автобус саройи филиали директори ўринбосарига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди. Реклама жойлаштириш бўйича масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

1-, 2-, 5-, 7-, 8-, 12-, ва 18-Автобус саройи филиаллари бош муҳандисларига ҳайфсан интизомий чораси кўрилди;

Шунингдек, барча автобус саройи раҳбарларига йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзилларига соғ-омон етказиб қўйиш — энг олий мақсад эканлиги, йўловчилар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан барча ҳайдовчилар ўртасида яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилиши юзасидан қатъий топшириқлар бериб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тошкентга Хитойдан олиб келинган «Кинг Лонг» русумли автобуснинг том қисмида жойлашган газ баллонни ҳимоялаб турувчи қопламаси йўлнинг қатнов қисмига тушганлиги ҳақида хабар берилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.