Шукрулло домлага ҳайфсан жазоси берилиб, лавозимидан озод қилинди

Шукрулло домлага ҳайфсан жазоси берилиб, лавозимидан озод қилинди

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси бу бўйича баёнот берди.

Шукрулло Эгамбердиевга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун,16 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси томонидан халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилинган.

Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилган. Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этган ва узр сўраган. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирган.

«Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз. Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга ҳайфсан интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди», - дейилади хабарда.

Сўнгги кунларда Шукрулло Эгамбердиевнинг меҳнат муҳожирлари ҳақидаги гаплари турли муҳокамаларга сабаб бўлганди.

«Иш йўқ, иш йўқ дейди. Шунча одам кетмасдан шу ерда иш топиб ишлаб юрибди-ку. Каллани ишлатиш керак. Ҳозир шу ерда кўча супур деса, супурмайди, Россияда супуради. Шу ерда молни тагини торт деса тортмайди, у ерда чўчқани тагини тозалайди. Шу ерда молни тагини торт. Миллатингникини торт. Ўқимасанг қул бўласан», — дейди Шукрулло Эгамбердиев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.