«Томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз» — Шавкат Мирзиёев Фаластин-Исроил уруши ҳақида

«Томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз» — Шавкат Мирзиёев Фаластин-Исроил уруши ҳақида

Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитидаги нутқида Фаластин-Исроил урушининг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олаётганини айтди. «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз», деди президент.

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитидаги нутқида Фаластин-Исроил урушига тўхталиб ўтди.

«Глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил уруши барчамизда каттаташвиш уйғотмоқда. Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда», — деди президент.

Унинг таъкидлашича, қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

«Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз», — деди Мирзиёев.

«Газета.uz»да реклама

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш учун «икки халқ учун икки давлат» тамойилини қўллаш тарафдори эканини билдирганди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига 1,5 миллион доллар ажратганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 28 октябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш» тўғрисидаги резолюциясини 120 та давлат қаторида қўллаб-қувватлаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.