10 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Италия президенти Сержо Маттареллани расмий кутиб олиш маросими ҳамда икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, 2024 йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди. «Марказий Осиё — Италия» мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилиши ҳақида гаплашилди.
Учрашувда савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муваффақиятли кооперация қилинаётгани қайд этилди.
Мамлакат миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор экани билдирилди. Томонлар Тошкент шаҳрида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган «Конфиндустрия Ўзбекистон» саноатчилар уюшмаси очилганини олқишлади.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини 2024 йилда Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.
Тошкентдаги Турин политехника университети филиалининг фаолияти бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол экани қайд этилди. Ушбу етакчи олий таълим даргоҳи негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади.
Ўзбекистонда итальян тилини ўрганишга қизиқиш ўсиб бораётгани таъкидланди. Мактабларда итальян тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва мактабларда уни ўқитишни босқичма-босқич жорий қилиш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Самарқанд археология институти ҳамда Болонья ва Неаполь университетларининг қўшма гуруҳи томонидан олиб борилаётган археология изланишлари юқори баҳоланди.
Давлат раҳбарлари академик алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма Таълим форумини ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.